
Юртимизда ёз чилласи бошланиши билан сувчилар юмуши ҳам қизигандан қизийди. Айниқса, ғўза парвариши ва агротехник тадбирларига алоҳида эътибор қаратилади. Миришкорлар бу даврда ғўзага берилган сувни – «Чилла суви – тилла суви» дея, таърифлашади.
Қорақалпоғистонлик сувчи ва мироблар ғўза майдонларини ўз вақтида ва сифатли суғоришнинг барча имкониятларини ишга солмоқдалар. Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида туман ирригация бўлимлари ва Сув истеъмолчилар уюшмалари ходимларга етарлича шароитлар яратиляпти.
– Сувчиларимиз ҳар бир фермер ва томорқа ер эгаларига кўмакдош, – дейди Хўжайли туманидаги «Ақ-алтин» сув истеьмолчилар уюшмаси ижрочи директори И.Рейпназаров. – Улар энг чекка ҳудудлардаги фермерларнинг даласигача сувни етказиб беришдек масъулиятни зиммаларига олган ва баҳоли қудрат бунинг уддасидан чиқишмоқда. Мана шунинг учун биз туман ирригация бўлими бошлиғи А.Низаматдинов билан биргаликда намунали ишлаётган бир гуруҳ сувчиларни велосипед билан мукофотладик.
Меҳнатига яраша рағбатлантирилган сувчилар янада шижоат билан ишлаши тайин. Эътиборлиси, сувчиларга берилган ушбу мукофот – иш унумдорлигини таъминлашга хизмат қиладиган дастёр бўлади.
|
Ғ.Отажонов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби |