СУВ ТАНҚИСЛИГИНИ ЮМШАТИШНИНГ ЯГОНА ЙЎЛИ

тежамкор технология экани таъкидланди

___Қорақалпоғистон Республикаси туманларида  сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, ғўзани шарбат суғориш ҳамда такрорий экинларни пешма-пеш суғоришга бағишланган кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда.

___Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев, олимлар, туман сектор раҳбарлари, ҳудудий қишлоқ ва сув хўжалиги, сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда кластер ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок қилмоқда.

___Хўжайли туманида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев сувчиларнинг иш қуроллари билан танишиб, суғориш мавсумида эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди.

___Кўргазмали семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев сув манбаларидан самарали фойдаланиш, бунинг учун сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш, ҳозирда ғўза майдонларини тунги ва шарбат усулида суғориш каби муҳим тавсияларини бериб ўтдилар.

___Эътиборлиси, тадбирларнинг барчаси сув тежовчи технологиялар жорий қилинган далаларда ўтказилди ва бу иштирокчиларга оддий усулда суғорилган пахта далаларидан ушбу технологиянинг афзалликларини бевосита таққослаб кўрсатиб, тушунтиришга замин яратди. Тадбирда сўнгги йилларда кузатилаётган сув танқислигини юмшатишнинг энг самарали ва ягона йўли ушбу тежамкор технологиялар экани, алоҳида таъкидланди.

___– Бугунги семинарда СИУлар фаолиятини жонлантириш ва уларга етарлича шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди, дейди Шуманай тумани ирригация бўлими раҳбари Муратбай Жийемуратов. – Вазиримиз туман СИУ раҳбарини олдига чақириб, неча киши ишлашию, миробларнинг маошлари ҳақида сўрадилар. ___Тадбирда сувчи-мироблар сонини ошириш ва ҳар бир гектар суғорилган майдон учун 50 минг сўмдан ҳақ беришга кластер ва фермерлар хўжаликлари раҳбарлари билан келишиб олинди. Албатта, сувчи-мироблар сони ошса, суғориш сифати ҳам ошади. Қолаверса, суғорилган майдон учун ажратилаётган маблағ сувчиларнинг меҳнатига яраша рағбат бўлади.

___Тадбирларда олимлар ҳам иштирок қилиб, Қорақалпоғистон такрорий экин экиш ва уларни суғориш бўйича тавсияларини бермоқдалар.

___Бугун Тахиатош, Хўжайли, Шуманай, Қонликўл ва Қўнғирот туманларида ана шундай кўргазмали семинарлар бўлиб ўтди. Бу каби кўргазмали тадбирлар белгиланган график асосида бошқа туманларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги матбуот котиби