далаларда амалий натижалар билан кўрсатилмоқда
___Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши туфайли сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда.

___Малумотларга кўра, сўнгги 40 йилда Тожикистонда мавжуд бўлган 8 мингдан ортиқ музликлар майдонининг 30 фоизи, Қирғизистондаги 10 мингга яқин музликлар майдонининг 16 фоизи эриб кетган. Асрий музликларнинг қисқариш тенденцияси давом этаяпти. Шу билан бирга, охирги 20-30 йилда минтақада ёғингарчилик миқдори ҳам сезиларли даражада камайган ва бу ҳам сув ресурслари ҳажмига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

___Юртимизда сув тақчиллигини камайтириш учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосида барча ҳудудларда, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасида ҳам пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган экин майдонларида сув тежовчи технологиялар кенг жорий қилинмоқда.

___Айни кунларда республика ҳудудларида ғалла майдонларини экишга тайёрлаш ва суғориш тадбирлари олиб борилмоқда. Мазкур тадбирларни амалга оширишда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, хусусан экин майдонларини лазер ускунаси ёрдамида текислашнинг аҳамиятини кенгроқ тушунтириш мақсадида туманларда кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда.
___Бугун яъни 3 август куни Хўжайли туманида ўтказилган кўргазмали семинарда Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари, тумандаги қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари, кластер ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок қилдилар.
___Тадбирда таъкидланганидек, сув танқислигини юмшатишнинг ягона йўли бу тежамкор технологиялардан кенгроқ ва самарали фойдаланишдир. Шу жумладан, айни кунларда 2022 йил ҳосили учун ғалла экиладиган майдонларни лазерли ускуна ёрдамида текислашга бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш лозим.
___– Экин майдонларининг лазер ускунаси ёрдамида текисланиши ҳосилдорликни ошириш билан бирга 40 фоизгача сувни тежайди ва қисқа муддатда далани суғориш имкониятини яратади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Д.Усаков. – Буни ҳозиргидек сув танқис шароитда фермерларимиз ҳам жуда яхши англаб, имкон қадар экин майдонларини текислаш тараддудини кўрмоқдалар. Бу борада юртимизда фермер хўжаликларини моддий-қўллаб қувватлаш ҳам назарда тутилган. Аввало, фермер лазер ускунасини харид қилиб олса, уларнинг кредит ва лизинг маблағларини сўндиришга субсидия ажратилади. Қолаверса, лазер ускунаси ёрдамида экин майдонларини текисласа ҳар бир гектарига бир миллион сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилади. Ўтказилаётган кўргазмали семинарларда шу каби маълумотларни ҳам бериш билан бирга сув тежовчи технологиялар самарасини бевосита далаларга бориб, амалий натижалар билан кўрсатиб беришга ҳаркат қилмоқдамиз.

___Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш каби бир неча сув тежовчи технологиялар экин майдонларида кенг қўлланилмоқда. Шунингдек, 21 минг гектар ортиқ майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилган. Айни кунларда келгуси йил ҳосили учун ғалла экиладиган майдонларда лазерли текислаш ишлари қизғин давом қилмоқда.
___Маълумотларга қараганда, ҳудудларда сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиниши натижасида вегетация даврида жами 20,7 млн. м3 сув иқтисод қилинишига эришилган.
___Ана шундай кўргазмали семинарлар Шўманай, Қонликўл ва Қўнғирот туманларида ҳам ўтказилди. Семинарларда қатнашган фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари ўзларини қизиқтирган саволларга масъул мутахассислардан жавоблар олди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби