___Қорақалпоғистон Республикасида ғалла майдонларини суғориш ва шўр ювиш тадбирлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Жорий мавсумда кузатилаётган сув танқислигидан келиб чиқиб, Сув хўжалиги вазирлиги бор куч ва имкониятини, ходимлар салоҳиятини Оролбўйида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга сафарбар этмоқда.

___Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосарлаи, вазирлик бошқарма бошлиқларидан иборат 15 нафар ва Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлигидан 20 нафар раҳбар ва етакчи мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар туманларда бўлиб, суғориш тадбирларини ташкил қилмоқда. Улар зарур ҳолларда ҳудудлардаги кластер ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сувчиларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.
___Йилдан-йилга минтақамизда сув танқис бўлиб бораётгани инобатга олиниб, суғориш мавсумигача ички канал ва ариқларни тозалаш, далаларни шўр ювишга сифатли тайёрлаш бўйича селектор йиғилишларида ҳам кўп бора топшириқлар берилди. Ушбу мавзуда барча туманларда кўргазмали семинарлар ўтказилди, туман ҳокимларига Сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар кўрсатилган расмий хатлар чиқарилди. Ҳаттоки, жорий шўр ювиш тадбири олдидан илк бор Овул фуқаролар йиғини раислари, кластер ташкилотлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда томорқа ер эгаларига Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг мурожаати эълон қилинди.
___Мурожаатда айрим ҳудудларда шўр ювишга ер тайёрлаш, жумладан,ерларни текислаш, чел олиб кичик полларга бўлиш, ўқ-ариқларни олиш, ички ариқларни тозалаш, гидротехник иншоотлар ва сув ўлчаш жойларини таъмирлаш, сув олиш қулоқларини жиҳозлаш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётгани маълум қилиниб, улардан шўр ювишга ер тайёрлашни сифатли ва ўз муддатларида олиб бориш сўралган.

Ҳудудларда кенг миқёсда шўр ювишга ер тайёрлаш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги масъуллари томонидан ўрганилганда Қонликўл туманида 1215 гектар, Қўнғирот туманида 1063 гектар, Нукус туманида 252 гектар, Қораўзак туманида 759 гектар, Беруний туманида 245 гектар, Тахиатош туманида 1183 гектар ва Тахтакўпир туманида 874 гектар майдон шўр ювишга тайёрланмагани аниқланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган.
___Афсуски, ҳозирги кунда ишчи гуруҳ аъзолари жойларга чиқиб ўрганганида бу борадаги вазифалар, яъни айрим сув истеъмолчилари ички сув тармоқлари ва далаларини шўр ювишга талаб даражасида тайёрламаган ҳолатлар аниқланмоқда.
___Масалан, Беруний тумани “Беруний” ғалла кластери, “Сарвар Насл чорваси”, “Нуриддин жумагул”, “Рахим бобо” фермер хўжаликларида далада чел олмасдан ёки сувни қаровсиз қолдирган ҳолатлар аниқланди. Шунингдек, Чимбой туманида “Гайрат Галымбай”, “Рейимберген Балтабай”, “Камыс-арык Агро” фермер хўжаликларида ички тармоқлар тозаланмасдан мейёридан ортиқча сув олиниб, суғориш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу туманлардаги фермер хўжалик раҳбарларига ҳамда сувчи ходимларига тегишли тушинтириш, топшириқлар ва кўрсатмалар берилди. Бу каби мисолларни деярли барча туманлардан келтириш мумкин.

___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида 3 март куни сувдан самарали фойдаланиш ва бу борада ўз ишига масъулиятсиз қараган ходимларга чора кўриш масаласига бағишланган қисқа муддатли йиғилиш ўтказилди.
___Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев сўз олиб, барча сув хўжалиги ходимлари ҳудудларда сувдан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида шахсий маъулиятини ошириши шартлиги, бу борада талаб даражасида ишламаётган сувчиларга огоҳлантириш ва ишдан олишгача бўлган чоралар кўрилиши таъкидланди.
___Вазир ўринбосари Р.Қаршиев – ҳудудларда сувдан самарали фойдаланишни ташкил қилмаган ва олинаётган сувнинг ҳисобини юритиш ишларига масъулиятсиз қарагани учун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош диспетчерига ва Шуманай тумани ирригация бўлими раҳбарига ҳайфсан берилди ҳайфсан берилганини маълум қилди. Шунингдек, яна бир туман ирригация бўлими раҳбари ва навбатчи диспетчерга лавозимидан озод қилишгача бўлган чоралар кўрилганини айтиб, шу нуқтаи назардан барча сув хўжалиги ходимлари ўз ишига бўлган масъулиятни оширишлари кўрсатиб ўтилди.

___Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганишларига кўра, Хўжайли туман ирригация бўлимининг фермер хўжаликлар ва бошқа сув истеъмолчилари билан олинган сув миқдори юритиладиган журнали текширилганда бир қатор камчиликлар аниқланди ва ишни тўғри ташкил этиш ҳамда журналга қайд этиб бориш бўйича тушунтирилиб, масъул ходим огоҳлартирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати