СУВ ТЕЖОВЧИ – ФАҚАТ СУВЧИЛАРНИ ИШИ ЭМАС

барчамиз якдилликда ушбу вазифани бажаришга масъулмиз

___ Айни кунлар буғдойлар ҳосил тўплайдиган, суғориладиган маҳал. Бу даврда Қорақалпоғистон Республикасининг айрим ҳудудларидаги ғалла майдонларига етарлича сув бормаётгани ҳам бор гап. Йилдан-йилга сув камайиб бораётган даврда ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги  экинларини сув билан таъминлашнинг энг мақбул варианти сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланишни кенгайтириш бўлиб қолмоқда. 

___ Бу борада қатор қарорлар ва Ҳукумат дастурлари қабул қилиниб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи қўллаб-қувватлаш мақсадида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун банкларда кредит  ажратиш жорий қилинган бўлса, давлат томонидан субсидия орқали харажатларнинг бир қисмини тўлаб бериш тизими яратилган.

___ Шу йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев раислигида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда ҳам сув тежовчи технологияларни жорий қилиш масаласи ҳам таҳлил қилинди. Ушбу масала юзасида Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиевнинг ахбороти эшитилиб, бу борада сусткашликка йўл қўйган ҳудуд раҳбарлари танқид қилинди.

___ Йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назоров бошчилигида йиғилиш ўтказилди. Қаттиқ танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири А.Реимбаев сув тежовчи технологияларни жорий қилишни ташкил қилмаган ва эгилувчан қувурлар харид қилмаган ҳар битта   туман ирригация бўлимини қаттиқ огоҳлантирди.

___ Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 2023 йилда 10 минг 861 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш режалаштирилганига қарамай, Беруний, Амударё, Тахиатош, Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот, Нукус, Кегейли, Бўзатов, Чимбой, Қораўзак туманларида бу борада сув тежовчи технологияни ўрнатиш бўйича пудрат шартномалари расмийлаштирилмагани айтилиб, туман ирригация бўлимларига қаттиқ топшириқлар берилди.

___ Йиғилиш давомида ТИБ раҳбарларига ўтган йил томчилатиб суғориш технологияси қанча ўрнатилгани ва уларнинг қанчаси ишлашга яроқлилиги маълумотга ҳам эга эмаслиги танқид қилинди. Ажабланарлиси айримлари жорий йилги режалари ва унинг ҳозирги кундаги ижроси бўйича ҳам аниқ айта олмагани  ҳақиқаттан ҳам масаланинг ичига кирмаганидан ва бу иш билан шуғулланмаганидан дарак сифатида баҳоланиб, лавозимидан озод қилишгача бўлган чоралар кўриш бўйича огоҳлантирилди.

___ Биз, жорий йилда ёмғирлатиб суғоришни ўрнатган фермернинг ушбу технология ҳақидаги фикри билан ҳам қизиқдик.

___ – Бу йил илк бор 6 гектар ғалла майдонига ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатдик, – дейди Амударё туманидаги “Римбой Баззоз” фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Аҳмедов. – Туманимиз дарё номи билан аталишига қарамай бизни ҳудудда ҳам айни ғалла ҳосилга кириш пайтида сув танқислиги сезилди. Ана шундай пайтда ёмғирлатиб суғоришнинг фойдаси катта бўлди. Ариққа келиб турган кам сув билан ҳам кўп майдонни суғоришга эришдик. Натижада ғалла майсалари яхши ҳосил тўплай бошлади.

Жорий йилда 30 гектар майдонга пахта экканмиз. Туман ирригация бўлими ходимлари сув тежовчи технологияларни ўрнатганимиз учун ажратиладиган субсидия бўйича ҳам тушунтириб беришганидан сўнг пахта майдонларига ҳам жорий қилишни ўйлаяпмиз. Сабаби, бу технология сувни тежаш билан бирга ҳосилдорлик ошишига ҳам хизмат қилишини кўраяпмиз.

–Афсуски, айрим маҳаллий раҳбарлар, туман ҳокимлари сув тежовчи технологияларни жорий қилиш заруратини ҳали тўла тушуниб етмаганга ўхшаяпти, – дейди Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи, ҳудудга бириктирилган вакил Қ.Муратов. – Биз, туманларда ҳолат юзасидан ўргангани, ҳудуддаги масъуллар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш масаласини кўндланг қўйиб, фермерларга бунинг учун қўл-қанот бўлмаганларига кўзимиз етмоқда. Айримлар сув тежовчини жорий қилишни фақат сувчиларни иши деб билишади. Фермерга банкдан кредит ажратиш, кафолатли қурувчи ташкилотларни жалб қилиш, фермерларга сув тежовчи технологияларни қўллаш зарурлигини тўғри тушунтириб, таъбир жоиз бўлса шунга даъват қилиш ҳам керакдек, назаримда. Негаки, фермерларимиз орасида сувчилар томонидан йил давомида ўтказиладиган кўргазмали семинарларда иштирок қиладиган ва ташаббуси билан сув тежовчини қўллаш истаги билан чиқадиганлари афсуски жуда кам. Муддат эса, ўтиб кетаяпти, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш фақат сувчиларни  иши эмас, бу борада кластер ва фермерлар ҳамда бошқа мутасаддилар билан барчамиз якдилликда ушбу вазифани бажаришга масъулмиз.

___ Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасидабугунги кунгача 2023 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича 313 гектар майдонга молиялаштириш ишлари амалга оширилган. Шундан 200 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилиб технологиялар ишга туширилган. Шунингдек, 3623 гектар майдонда пахта майдонларида пудрат шартномалари расмийлаштирилган бўлиб, 920 гектар майдонларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ишлари бошланган.

 

 

Ғайрат Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби