
Аввал хабар қилганимиздек, бу йил Амударёда сув миқдорининг нисбатан камлиги айни кунларда янада сезилмоқда. Бу дарёнинг энг қуйи қисмида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларидаги ғўза майдонларини суғоришда қўшимча чора-тадбирлар қўллашни тақозо қилаяпти.
Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи К.Сарибаевнинг маълумот беришича, ҳудудда ана шундай сув тақчиллиги кузатилган йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Сув хўжалиги вазирлиги томонидан қўшимча чоралар кўрилиб, ғўза майдонларини ўз вақтида ва сифатли суғоришнинг зарур чоралари кўрилган. Масалан, 2018 йили экин майдонларини суғориш мақсадида Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан жами 387 дона кўчма дизель насослари туман ирригация бўлимлари ва фермер хўжаликларига тарқатиб берилган эди. Мазкур кўчма дизель насосларидан ҳозирги кунгача сув бориши қийин бўлган ҳудудлардаги экин майдонларини суғоришда самарали фойдаланиб келинмоқда.

Бу йил ҳам ана шундай кўчма насосларга эҳтиёж бўлганлиги боис, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 июндаги тегишли қарорига мувофиқ, жами 125 дона кўчма дизель насосларни сотиб олиш режалаштирилди. Ҳозирги кунгача 40 дона кўчма дизель насослари харид қилиниб, сув танқислиги кузатилаётган ҳудудларга етказилди.
Ушбу кўчма насослар орқали сув тақчил ҳудудлардаги фермерлар ғўза майдонларини ўз вақтида ва сифатли суғоришга эришмоқдалар.
|
Ғайратжон Отажонов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби |