РЕСПУБЛИКАМИЗДА “ДОЛЗАРБ 5 КУНЛИК” ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида кейинги ҳафтада об-ҳавонинг кескин совиши  кутилаётгани ҳисобга олиниб, сув хўжалиги тизимида бунга тайёргарлик кўриш ва айни кунларда режадаги кузги-қишки тадбирларини жадаллаштириш масаласи юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаров раислигида ўтказилган йиғилишда ўтган йил якунлари билан белгиланган режаларга нисбатан орқада қолган бир қатор ишлар келтириб ўтилди ва амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама этилди. Жумладан, мелиоратив кузатув қудуқларига “Дайвер” ҳамда ирригация тармоқлари ва насос агрегатларига рақамли сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш ва марказий ахборот базасига интеграция қилиш,  сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида йирик гидроиншоотларга автоматик бошқарув ускунасини ўрнатиш, сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик асосида талабгорларга бериш ҳамда куз-қиш тадбирлари юзасидан амалга ошириладиган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Мазкур масалалар юзасидан сув хўжалиги масъулларининг фикрлари тингланиб, айни кунда бажариладиган муҳим вазифалар юзасидан  “Долзарб 5 кунлик” тадбири эълон қилинди.

Тадбир давомида куз-қиш режаси доирасида ишлар ҳамда жойлардаги диспетчер ва насос станциялари хизмат хоналарини кўздан кечириш, ходимларга қулай шароитлар яратиш, об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида гидроиншоотлар ва насос агрегатларига зарар етказмаслик чораларини кўриш белгиланди.

Сув хўжалиги масъулларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари туманларда “Долзарб 5 кунлик” тадбири доирасида ишларни ташкил қилиш учун туманларга чиқишади. Биз эса бу борада амалга оширилаётган ишларни ёритиб боришга ҳаракат қиламиз.

Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби