Қўнғирот тумани: ҒАЛЛА МАЙДОНЛАРИГА ЁМҒИРЛАТИБ СУҒОРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ МАСАЛАСИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

       Қўнғирот туманидаги  “Қўнғиротли диҳан  Ата”  фермер хўжалиги даласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғиндаги сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини сув истеъмолчиларига тушунтириш, хусусан, ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий этишда татбиқ этилаётган имтиёз ва имкониятлар сув истеъмолчиларига тушунтириш юзасидан семинар ўтказилди.

      Тадбирда, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Уразимбетов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг масъул ходими Н.Худойбердиев сўз олиб, Президент қарори билан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича кредитлар ажратиш тизимига киритилган ўзгартишлар ҳақида фермерларга кенг турда маълумот беришди. Жумладан, янги онлайн “Suvkredit.uz» платформаси ҳамда қорақалпоғистонлик фермерларга сув тежовчи технологияни жорий қилишдаги яратилаётган имкониятларга тўхталиб ўтдилар.

Шунингдек, тадбирда , Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси А.Қидирбаев, Қўнғирот тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Ш.Джадигеров туманда сув тежовчи технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот бериб ўтди.

Тадбирда сув тежовчи технологияларини жорий этган фермерлар ҳосилдорликни оширишда яхши натижага эришаётгани бўйича ҳам ўзларининг тажрибаларини гапириб беришди.

Муҳокамалар якунида келгуси йил ҳосили учун экиладиган ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.