КУЗ-ҚИШ ТАДБИРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШДАГИ МУҲИМ ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

      Ўзбекистон  Республикаси  Сув  хўжалиги вазирлигининг 6 сентябрдаги Ҳайъат  йиғилишида соҳадаги долзарб вазифалар қаторида куз-қиш тадбирларини амалга оширишда ҳар бир объект, гидроиншоот ва каналларни чуқур ўрганган ҳолда таъмирлаш ишларини энг муҳимидан бошлаш ва барча тадбирларни сифатли бажариш бўйича алоҳида топшириқ берилган эди.

       Нукус тумани ирригация бўлимида куз-қиш тадбирларини амалга ошириш ҳамда тизим ташкилотларининг бу борада октябрь ойида амалга оширадиган ишлари муҳокама этилди.

      Қорақалпоғистон Республикасидаги сув хўжалиги ташкилотларининг ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан фойдаланиш бўйича бош мутахассислари иштирок қилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 11 сентябрдаги ”2023-2024 йилларнинг куз қиш даври учун сув олиш лимитларини тасдиқлаш ҳамда мавсум давомида ирригация-мелиорация объектларида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги, шунингдек, ҳудудларда куз-қиш тадбирларини амалга оширишга оид Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тегишли буйруғи ыабул ыилингани ва шулар асосида ҳар бир туман ва тизим ташкилотининг амалга оширадиган режалари тасдиқланганини ва уларнинг ижросини таъминлар борасида амалга ошириладиган вазифаларга тўхталиб ўтди.

 Жумладан, хўжаликлараро ирригация тармоқларини ва улардаги гидротехник иншоотларини таъмирлаш, гидропостларни, кластер ва фермер хўжаликлари ички суғориш тармоқлари (ариқлари)ни механизм ва қўл кучи ёрдамида тозалаш,  сув олиш қулоқларини жиҳозлаш, насос станциялари ва энергетика бошқармалари балансидаги давлат насос агрегатларини таъмирлаш борасида олдинги мавсумда йўл қўйилган хато-камчиликлар ва жорий мавсумда уларни бартараф қилишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.

      Вегетация даврида сув ресурсларини белгиланган ҳудудларга етказиш ва мавжуд сувдан оқилона фойдаланишни ташкил қилиш куз-қиш тадбирларини самарали ва сифатли қилишга боғлиқ, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан фойдаланиш бўйича бош мутахассиси  Ш.Жақсимуратов. – Бу борада ўтган вегетация даврида ҳудудларга сув етказишда юзага келган муаммолар, таъмирталаб гидроиншоотлар ва насос агрегатлари бўйича маълумотлар таҳлил қилиниб, амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурига киритилди киритилди.

      Унга кўра, 2023-2024-йилларнинг куз-қиш даврида эксплуатация маблағлари ҳисобидан 317,9 км узунликдаги магистрал ва хўжаликлараро каналларни тозалаш, 187 дона гидротехник иншоотларни, 146 дона гидропостларни,  157 дона давлат насос станциялари агрегатларини таъмирлаш белгиланди. Шунингдек кластер ва фермер хўжаликларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 3037,5 км узунликдаги ички суғориш тармоқларини,  Жумладан, 1961,8 км узунлигини механизм ёрдамида, 1075,7 км узунлигини қўл кучи ёрдамида тозалаш, 1737,2 млн сўмлик 805 дона гидротехник иншоотларни, 824,6 млн сўмлик 717 дона гидропостларни, 1059,3 млн. сўмлик 197 дона насос агрегатларини таъмирлаш, 602,8 млн сўмлик 953 фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқларини жиҳозлаш ишлари режалаштирилди. Бугун барча тизим ташкилотлари масъуллари билан куз-қиш тадбирлари доирасида октябрь ойида амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилди ва муҳим вазифалар белгилаб олинди.

      Тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов ҳамда тегишли масъуллар “Қаттагар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармасига қарашли гидроиншоотларни ва уларни таъмирлаш ишлари билан ҳам танишди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби