Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Сув кодексининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, унда белгиланган ҳуқуқий асослар ҳамда соҳадаги бугунги куннинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Қорақалпоғистондаги барча сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, сув хўжалиги вазирлигининг бўлим ҳамда сектор раҳбарлари иштирок қилди.
Муҳокамалар аввалида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан келган вакил З.Ирисбоев жорий йилнинг 30 июль санасида Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган Сув кодексининг эндиликда сув ресурсларини бошқаришда асосий тамойилларини белгилайдиган муҳим ҳужжат ҳақида тушунтириш беришди.

Таъкидланганидек, Сув кодекси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ–6024-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Сув кодексида республикада сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилган, Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 14 та қарори ҳамда Ҳукуматнинг 26 та қарорларидаги нормалар бирлаштирилган.

Сув кодекси сув, сув объектлари ва сув хўжалиги иншоотларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. У аҳоли, иқтисодиёт ва экотизимларни барқарор сув таъминоти билан таъминлаш, шунингдек, сув ресурсларини сақлаш ва тиклашга қаратилган.

Ҳужжатда аҳолини кафолатланган сифатли ичимлик ва хўжалик-маиший суви билан таъминлаш, санитария хавфсизлигини таъминлаш ва соғлиқни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Сув объектларидан фойдаланишда уларни муҳофаза қилиш, сув экотизимларини сақлаш ва сув муносабатлари субъектларининг тенг ҳуқуқларини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмита раисининг ўринбосари М.Абдиров сув ресурсларидан фойдаланишда масъулият ва мажбуриятлар ҳамда сувни ҳисобга олиш, тежаш, тақсимлаш каби масалаларга тўхталиб ўтди ҳамда бу борада амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати