___«Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси ва қурилиш пудрат ташкилоти масъуллари иштирокида Нукус туманидаги “Нукус” коллекторини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгуси вазифалар бўйича объект бошида сайёр семинар ўтказилди.

___ Семинарда таъкидланганидек, 2019 йилдан «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси буюртмаси асосида “Нукус” коллекторини қуриш ишлари бошланган ва айни вақтда Бош пудратчи “Амубухороканалқурилиш” АЖ томонидан “Нукус” коллекторининг 3-босқичи қурилиш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
___ -Лойиҳада мазкур коллекторнинг узунлиги 9,783 километрни ташкил қилади, -дейди «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси бош муҳандиси Н.Кайпов. – Шундан 3,137 километр қисми очиқ, 6,646 километр қисми ёпиқ қувурли коллектор бўлади. Уда 67 дона кузатув қудуқлари, 1 дона қувурли ўтиш жойи, 1 дона коллекторнинг очиқ қисмини ёпиқ қисми билан боғловчи иншоотини қуриш, 2 дона вақтинчалик айланма йўли, 5 дона газ қувурларини ўтказиш, 4 дона суғориш тармоғини ўтказиш ишлари бажарилиши белгиланган.

___
Семинарда “Нукус” коллектори (3-босқич) қурилиши 2023 йил 1 сентябрь ҳолатига жорий йилга манзилли рўйхат асосида ажратилган маблағларни 21 фоизга ўзлаштирган бўлса, қурилиш-монтаж ишлари белгиланган режага нисбатан ортда бор-йўғи 24 фоизга бажарилгани таъкидланди.

___ Сув хўжалиги вазирлиги, «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси масъуллари томонидан “Нукус” коллектори қурилиш реконструкция ишлари белгиланган режадан анча ортда қолаётгани таъкидланиб, бош пудратчи ташкилот “Амубухороканалқурилиш” АЖ раҳбарияти ва объектда қурилишга масъул вакилларига реконструкция ишларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, 2023 йил учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
___ Маълумот учун: “Нукус” коллекторини қуриш лойиҳаси якунига етгач, Нукус туманидаги 530 гектар экин майдонлари ҳамда Нукус шаҳар ер ости сизот сувларини олиб чиқиб кетиши ҳисобига шу худудлардаги ерларнинг мелиоратив ҳолатини барқарорлаштиришга хизмат қилади. Коллекторнинг лойиҳавий сув ўтказиш қуввати 1,2 м3/с ни ташкил этади.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати