___ Барча соҳаларда тежамкор технологияларни қўллаш, жумладан йирик корхоналарда амалга оширилган модернизация ишлари натижасида саноат учун сарфланадиган сув миқдори камайтирилмоқда.
___
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги “Тахиатош иссиқлик электр станцияси”да амалга оширилган реконструкция ишлари ҳам талаб қиладиган сув миқдорининг камайишига ва мазкур сув миқдорларини қишлоқ хўжалиги экинларига йўналтириш имконини яратмоқда.
___ “Тахиатош ИЭС”га сув келтирувчи каналга насос станция қуриш” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 июлдаги тегишли фармойиши асосида манзилли дастурга киритилган бўлиб, бугунги кунда қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

___ -Насос станциясининг қурилиш-монтаж ишлари “Бунёдкор Мерос” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилмоқда, – дейди “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” Давлат муассасасининг Лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш бўлими етакчи мутахасисиси Есанбай Примбетов. – Лойиҳанинг умумий қиймати 7 млрд. 669 миллион 525 578 сўмни ташкил қилиб, объектда 4 дона насос агрегатини қуриш назарда тутилган. Насос станция 6 м3 сек. сув чиқариш қувватига эга бўлиб, 6 минг гектардан ортиқроқ майдонларни қўшимча сув билан таъминлаш имконини яратади. Ҳозирги кунда объектда тупроқ ва темир-бетон, сув олувчи трубаларни ўрнатиш ишлари якунланиб, 4 та насос агрегати ўрнатилди. Сув чиқарувчи трубаларни ўрнатиш, қувурларни буяш, соябон (навес) ўрнатиш ишлари ҳам ниҳоясига етказилмоқда. Шунингдек, насос агрегатларини бошқарувчи ходимлар учун хизмат уйи қурилди ҳамда насос агрегатларини электр энергияси билан таъминлаш 1080,0 метр, опоралар, КТПС-40 6/0,4КВ маркали трансформатор ўранитилди.
___ Маълумотларга кўра, олдинлари «Тахиатош ИЭС»га сув келтирувчи каналдан 15 куб сув олиниб, чиқарувчи канал орқали 12-13 куб миқдорида сув чиқарилган. Иссиқлик электр станциясида кейинги даврда амалга оширилган модернизация ишлари натижасида сув келтирувчи каналдан оладиган сув миқдори 1 м3 гача камайиши кутилмоқда. Бу жараён олдинги тизим бўйича станциядан чиқарилган сув билан суғориладиган ҳудудларда сув тақчиллигини оширди. Ўтган вегетация даврида ҳудуд аҳолиси томонидан ушбу масалада мурожаатлар ҳам бўлган эди.

___Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 августдаги ПФ-213-сон Фармонида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш бўйича ҳам алоҳида вазифалар белгиланган. Юқорида келтирилган янги насос станциясининг қурилиши ҳам иккита туманнинг маълум қисмида сув таъминотини яхшилашга хизмат қилади.
___Эндиликда, ҳудудга янги насос станциясининг қурилиб фойдаланишга топширилиши натижасида Тахиатош туманидаги “Сарайкўл”, “Кенегес” овул фуқаролар йиғинлари, Хўжайли туманининг «Саришунгул» ва “Жамбил” ОФЙ ҳудудларида сув таъминоти яхшиланади. Яқин кунларда ишга тушиши режалаштирилаётган ушу насос станцияси қурилиши ҳудуддаги деҳқон-фермерлар ва томорқа эгалари учун Янги йил совғаси бўлди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби