Сувчилар юксак ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатмоқда

___Қорақалпоғистон Республикасида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари қизғин суръатларда олиб борилмоқда. Ёғаётган қор, ёмғир ёки шимолга хос бўлган совуқ ҳам сувчиларнинг бу борадаги ишларига халақит қила олмаяпти.

___Бугун, яъни 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаров Шуманай туманидаги ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш ишлари билан яқиндан танишди.

___Жараёнлар билан танишган Азимжон Назаров тежамкор технологияларни қуриш ва монтажлаш ишларида сув хўжалиги ташкилотларининг сервис гуруҳлари кўмагидан самарали фойдаланиш, ҳашарлар ташкил қилиб ишчи-ходимларга иссиқ-овқат ташкил қилган ҳолда иш унумдорлигини ошириш, ҳудудлардаги ирригация ва мелиорация тармоқларини қазиб тозалаш борасида кўрсатмалар берди.

___-Олдимизга қўйган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда барча сувчилар юксак ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Тажетдин Мадиреймов. – Мана бир неча кундирки, сувчилардан ташкил топган сервис гуруҳи ходимлари Шуманай туманидаги “Бахром илғор кластер” масъулияти чекланган жамиятининг ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини қуриш ва монтажлаш ишларини олиб бормоқдалар. Ҳудуддаги 25 километр коллектор ва 24 километр ички канал ва ариқларни қазиб тозалашга 10 дан ортиқ экскаватор ва махсус техникалар жалб қилинган. Барча ишчи ва механизаторларга дала бошида иссиқ овқат ташкил қилиниб, ишлашлари учун шароитлар яратилган. Умуман олганда ҳар куни 500 нафардан ортиқ сувчилар мазкур ҳудудда ҳамжиҳатлик билан зиммамизга юкланган вазифаларни бажариш бўйича бор куч-ғайратимизни сафарбар этмоқдамиз.

___Ғаллачиликка ихтисослаштирилган “Бахром илғор кластер” жамоаси олдин ҳам сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиб келаётган эди. Хусусан, жорий мавсумда 550 гектар майдонга ғалла экилган бўлса, мазкур майдонлар тўлиқ лазер ускунаси ёрдамида текисланган. Эндиликда, ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилмоқда. 

___Сувчиларнинг ҳашар йўли билан амалга ошираётган шу каби тадбирлари бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда. Бунда Сув хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотларининг 500 та ходимларидан иборат сувни тежайдиган технологияларни лойиҳалаш, қуриш, монтаж қилиш ҳамда улардан фойдаланишга кўмаклашувчи сервис гуруҳлари хизматидан самарли фойдаланилмоқда. Бу борада ҳар бир туманда 4 та сервис гуруҳлари ташкил этилиб сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

___Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил жами 22 минг 500 гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилиш режалаштирилган. Шундан ғалла майдонларига 5 минг гектар ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилиниши назарда тутилган.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби