ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИ ЎТКАЗИЛДИ

___Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев жорий йилнинг 4-5 март кунлари Қорақалпоғистон Республикасида сайёр қабул ўтказди. Унда ҳудудлардаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланди.

___Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраевнинг республика вилоятларида жисмоний ва юридик шахсларни сайёр қабул қилиш режасига асосан ўтказилган сайёр қабулларда Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ж.Узаков, туман қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, туман ирригация ва мелиорация бўлими  раҳбарлари иштирок этди.

___Қабуллар жараёнида 30 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланди ва уларни ижобий ҳал қилиш бўйича ҳудудлардаги мутасадди раҳбар ходимларга топшириқлар берилди.

___Жумладан, Кегайли тумани «Абат» ОФЙ ҳудудидаги «Қунназарова Лиза» фермер хўжалиги раҳбари Тлеўмуратов Сапарбой «Абат ярмыш» туманлараро каналига сув олиш бош қисмига электро насос қуриб беришда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Ушбу масала юзасидан тегишли масъулларга ҳолатни жойига бориб ўрганган ҳолда насос станциясини қуриш лойиҳасини қуриш мақсадга мувофиқлиги, кейинчалик ким эгалик қилиши ва масаланинг ечими юзасидан аниқ таклиф киритиш вазифаси юклатилди.

___Шунингдек, нуроний Юсупбай Абдикадировнинг «Бакир жарған» каналини тозалашда, «Бекбосын-Есбосын» фермер хўжалиги раҳбари Султан Досмуратовнинг «Тентек жап» каналини қазиб-тозалашда техника ажратиш бўйича қилган мурожаатлари шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди.

___Мазкур масалалар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ж.Узаковга, Кегайли тумани ирригация бўлими бошлиғи Қ.Примбетовга «Бакир жарган» ва «Тентек жап» каналини каналларини тозалашга 2 дона экскаватор ажратиб тозалашда амалий ёрдам бериш вазифаси топширилди.

___Шунингдек, Беруний ва Элликқалъа туманларида ўтказилган кўргазмали семинарлар доирасида ҳам ҳудудлардаги кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарли учун сайёр қабуллари ташкил қилинди. Улар Қорақалпоғистон шароитида сув тежовчи технологияларни ўрнатиш бўйича услубий қўлланмалар яратиш ва  фермерларга тарқатиш, сув тежовчи технологиялари жорий қилингач бегона ўтларга қарши курашиш бўйича агрономлар маслаҳатини ташкил қилиш ҳамда жорий йилда кутилаётган сув ҳажмининг прогнозлари ўртача қанча бўлиши кутилаётгани каби масаллар бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраевга мурожаат қилдилар.

___Тадбирда кутилаётган сув миқдорлари бўйича вазирнинг ўзи батафсил маълумот берди ва фермер ва кластер раҳбарлари таклифлари инобатга олиниб, маскур масалаларни ҳал қилиш бўйича ҳудудлардаги масъул раҳбарларга топшириқлар берилди. Сайёр қабулларда қилинган ҳар бир мурожаат Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ж.Узақов назоратида бўлиши таъкидланди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби