Қорақалпоғистон: «Зилзилага тайёргарлик кўриш ҳафталиги» давом этмоқда

   Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан «Зилзилага тайёргарлик кўриш ҳафталиги»  доирасида ўқув-семинари ўтказилди.

     Семинарда сўз олганлар, сўнгги вақтларда хорижий мамлакатларда содир бўлаётган кучли зилзилалар ва ер плиталарининг тектоник силжишлари оқибатида юзага келаётган турли хил талафотлар, мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлаш ишларини жадаллаштириш, соҳага замонавий ёндашувларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан бирга бу каби  ўтказилаётган тадбирларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтдилар.

      Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг   2023 йил 16 майдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан шу йилнинг 31 май куни «Зилзилага тайёргарлик кўриш ҳафталиги»ни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.  

       Мазкур ҳафталик доирасида 3 июндан 8 июнгача Нукус шаҳри ва туманларда Фавқулодда вазиятлар бўлимларида тегишли идора-ташкилотлар ходимларидан иборат штаб ва ишчи гуруҳлар тузилиб, аҳолининг зилзила бўйича хабардорлигини ошириш юзасидан ўқувлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

      Шундан сўнг, Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Ҳаёт хавфсизлигига ўқитиш маркази ўқитувчиси К.Усманов зилзилада тўғри ҳаракатланиш бўйича ўқув тақдимоти билан таништирди.

Тадбир иштирокчиларига аҳолини зилзиладан олдин, зилзила пайтида ва зилзиладан сўнг ҳаракат қилиш қоидаларига ўргатиш ва уларнинг тайёргарлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган махсус слайдлар ва видеороликлар кўрсатилди.

«Зилзилага тайёргарлик кўриш ҳафталиги» доирасида ўтказилган ушбу тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати