Қиш фасли, сувчилар учун иш фасли, – деган пурмаъно иборани фихрий сувчиларимиздан кўп эшитамиз. Айтишларича, қиш фаслида мавсумий ишлар режа билан сифатли бажарилсагина, суғориш мавсуми ортиқча муаммоларсиз, белгиланган ҳудудларга сувни кафолатли етказиш имконини бераркан.
Хўш, шу нуқтаи назардан «иш фасли»нинг дастлабки кунларида Шуманай туманидаги сувчилар қандай ишларни бажаришга улгурди-ю, олдинда қандай режалар бор? Биз, ушбу туманда бўлиб, каналларни тозалаш ва гидротехник иншоотларни таъмирлаш ва қуриш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдик.
-Жорий куз-қиш мавсумида муассасамиз ҳисобидаги хўжаликлараро каналларининг 17,7 километр қисмини қазиб-тозалаш режалаштирилган, -дейди Шўманай тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Бердах Хожаназаров. – Бугунги кунгача «Ташкент жап» хўжаликлараро каналининг 3,5 километр қисми ва «Нурай жап» хўжаликлараро каналининг 8 километрдан ортиқ қисми қазиб-тозаланиб, бу ишлар давом этмоқда. Шунингдек, жорий йил бошидан 70 километрдан ортиқ ички суғориш тармоқлари механизм ёрдамида тозаланди.

Туманимиз магистрал каналлардан олисда ва аҳоли пунктларининг тарқоқ жойлашуви жиҳатидан суғориш мавсумида сув етказиш мушкур бўлган ҳудуд саналади. Каналнинг охирида жойлашган ҳудудларга сув етказишда гидротехник иншоотларнинг хизмати катта албатта. Биз, куз-қиш мавсуми олдида гидроиншоотларнинг ҳолатини ўрганиб, хатловдан ўтказиб чиқдик. Шунда хўжаликлараро ва ички суғориш тармоқларидаги жами 40 дан ортиқ гидротехник иншоотлар деярли фойдаланишдан чиққанлиги маълум бўлди.

Албатта, мазкур иншоотларнинг барчасига маблағ ажратишнинг имкони йўқ. Лекин, бу ишларни айни суғориш мавсумидан олдин бажариш заруратидан келиб чиқиб, ривожлантириш жамғармаси ва ёрдамчи хўжалигимиздан шакллантирилган маблағлар ҳисобидан иншоотларга ишлатиладиган материалларни харид қилдик. Маъмурий биномиз қошида ташкил этилган устахонамизда эски гидротехник иншоотлар ўлчамида ўзимиз ишлаб чақаришни йўлга қўйдик. Ҳозирда ушбу устахонада 4 нафар уста чилангарлар қурилмаларни ишлаб, бўяб тайёр ҳолга келтиришмоқда. Бир гуруҳ ишчи ходимларимиз қурилмалар ўрнатиладиган сув олиш нуқталарига бетон қуйиш ва қурилмаларни ўрнатиш ишларини олиб боришмоқда.

Биз, мазкур устахонадаги ишлар билан танишиш билан бирга гидротехник ускуналар ўрнатилган ҳудудларни ҳам жойига бориб кўрдик. Муассасага қарашли иккита экскаватор «Шуманай» ва «Киндик узак» каналларига туташ бўлган ички каналларни қазиб-тозаламоқда.

Бир сўз билан айтганда, қиш фаслини ҳақиқий иш фасли, деб билган шуманайлик сувчилар – суғориш мавсумига етарлича тараддуд кўришмоқда.
Маълумот учун: Тумандаги хўжаликлараро каналлардаги 4 дона гидротехник иншоотларда таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган бўлса, 3 дона гидропостлар таъмирланган. Ички суғориш тармоқларидаги каналларда жойлашган 8 дона гидротехник иншоотлар ва 12 та гидропостларда таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилган бўлиб, бу ишлар уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби