ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН: БАРЧА СУВЧИЛАР ФАВҚУЛОДДА ИШ ТИЗИМИГА ЎТИШИ ЗАРУР

      Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири томонидан 2022 йил 5 декабрда тасдиқланган режа кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича ҳафталик график асосида бажариладиган тадбирлар кенг муҳокама этилди.

      Унда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев томнидан график асосида ҳар куни тегишли йўналишлар бўйича масъуллар билан муҳокамалар ўтказилиши, шу билан бирга тадбир доирасида семинарлар ташкил қилиш ҳамда ушбу жараёнларга юзаки ёндошмаслик талаб қилиниши тушунтирилди.

      Шундан сўнг душанба кунига белгиланган масалалар, хусусан, соҳага малакали кадрларни жалб қилиш, юридик хизмат, ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизоми, сув хўжалиги объектларида рақамлаштириш ишларининг бориши таҳлил қилинди. Мазкур масалалар юзасидан вазирликдаги масъул ходимларнинг ахборотлари эшитилди ва тегишли топшириқлар берилди.

      Тадбирда Президентимиз томонидан ўтган йилнинг 29 ноябрида ўтказилган видеоселектор йиғилишида «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилингани ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилиши таъкидлангани келтирилиб, 2024 йилда барча сувчилар ўз вазифаларига бўлган масъуллиятни бир неча баробар ошириши шартлиги белгиланди.

      Муҳокамада вазирликдан республикага бириктирилган вакил Н.Атакулов сув хўжалиги қуйи тизимларида бўлаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, тизимда ишлаётган ёшлар ва бошқа мутахассисларни ўқитиш, вазирлик базасидаги мавжуд экскаваторлардан ирригация тармоқларини тозалашда самарали фойдаланиш, туманларда ички ариқларни бетонлаш ишларини жадаллаштириш бўйича ҳашарлар ташкил қилиш каби масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди. Шу билан бирга амалга ошириладиган тадбирлар юзасидан тавсияларини бериб ўтди.

      Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда сув хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга ошириш ва юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш учун барча даражадаги масъуллардан оддий сувчи ходимларгача ўз вазифасини бажаришда фавқулодда иш тизимига ўтиши зарурлиги яна бир бор таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати