ҲИСОБОТЛАРНИНГ ОЧИҚЛИГИ КОРРУПЦИЯВИЙ ҲОЛАТЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

___Бугун, яъни 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан жорий йилнинг 14 март санасида тасдиқланган Медиа-тадбирлар режасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси  Сув хўжалиги вазирлигида “Молиявий ҳисоботларнинг очиқлиги коррупциявий ҳолатларнинг олдини олади”  мавзусида  матбуот анжумани  бўлиб ўтди.

___Матбуот анжуманида Қорақалпоғистон Республикаси  Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари, тизим ташкилотларининг бош ҳисобчилари, марказий ва маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок қилди.

___Тадбир аввалида, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири в.в.б Бахтияр Жузбаев сўзга чиқиб, сув хўжалиги фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида вазирликда матбуот хизмати ташкил этилганлиги, ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан тиғиз ҳамкорликда иш олиб борилаётгани ва соҳага оид ахборотлар радио-телевидение, матбуот нашрлари ва расмий веб-сайтлар орқали кенг жамоатчиликка етказилаётганини таъкидлаб ўтди.

___Шунингдек, ўтказилаётган ушбу тадбир ҳам бу борадаги ишларни самарали давом қилдириш ва медиа-режага мувофиқ, ҳар чоракда журналистлар билан учрашиб, халқимизга сув хўжалиги фаолиятига оид ахборотларни тақдим қилиб бориш назарда тутилганини айтиб ўтди.

___Шундан сўнг, вазирликнинг Бош юрисконсульти  Муратбай Еримбетов ва молия-хўжалик бўлими бошлиғи  Бахадир Примбетовлар матбуот анжумани мавзуси юзасидан журналистларга ахборот берди.

___Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг  мазмун-моҳияти ҳамда ушбу ҳужжат билан жорий этилаётган янги тизим коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишдаги аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Фармонда  ҳар чоракда молиявий ҳисоботларни веб-сайтга жойлаштириб боришни таъминлаш вазифаси юклатилганини инобатга олиб, тизим ташкилотлари ҳиобчиларининг ишига бўлган масъулиятини ошириш ҳамда барча бўлимлар эндиликда очиқ маълумотлар рўйхати асосида маълумотларни тақдим қилиб бориши таъкидланди.

___Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назаротини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг ижросини таъминлаш юзасидан семинарлар ўтказилиб, масъул ходимларга фармонда белгиланган вазифалар кенг тушунтирилаётганини айтиб ўтиш жоиз.

___Хусусан, жори йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ўтказилган семинарда Сув хўжалиги вазирлигининг юрисконсульти, матбуот хизмати раҳбари, молия-хўжалик, кадрлар бўлими масъул ходимлари иштирок қилган эди. Мазкур семинарда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутахассиси Обиджон Латипов иштирок қилиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари Агентлик томонидан масофадан туриб мониторинг қилиб борилаётганини ва бу борада келгусида амалга ошириш лозим бўлган вазифалар ҳақида кенг турда маълумот ва тавсиялар берган эди.

___Фармонга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан оммавий ахборот воситалари орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича чораларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишига кўмаклашиш каби вазифалар юклатилган.

___Мазкур фармонининг  ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг расмий-веб сайтида алоҳида “Очиқ маълумотлар” саҳифаси очилди. Шакллантирилган очиқ маълумотлар рўйхати асосида вазирлик Молия-хўжалик бўлимининг 6 йўналишдаги молиявий ҳисоботлари “Очиқ маълумотлар” саҳифасига жойлаштирилди. Шу билан бирга ушбу саҳифасига вазирликнинг бошқа бўлимлари фаолиятига оид ҳозирги кунгача жами 20 йўналишдаги маълумотлар жойлаштирилди.

___Йиллик чучук сув миқдори, қишлоқ хўжалигида, сув олишнинг манбалари, ҳавзалари, ирригация тизимлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар бўйича лимитлари, сув танқислиги даражаси: умумий чучук сув манбаларининг мавжуд чучук сувга нисбатан улуши, қайта тикланадиган тоза сув манбалари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги аппарати тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари тўғрисида, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг иш режаси каби маълумотлар шулар жумласидандир.  

___Матбуот анжумани иккинчи қисми очиқ мулоқот тарзида ўтказилди. Унда сув хўжалиги вазирлиги масъуллари журналистлар саволларига атрофлича жавоблар берди. Шунингдек, журналистлар юқорида веб-сайтга жойлаштирилаётган “Очиқ маълумотлар” саҳифасидаги маълумотлар билан танишишни сўради. Матбуот хизмати томонидан диспетчерлик хонасидаги мониторда вазирликнинг расмий веб-сайти ва унда жойлаштириб борилаётган “Очиқ маълумотлар” билан ОАВ вакиллари таништирилди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот котиби