Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Қонликўл туманидаги “Кентай” насос станциясида электр энергиясидан самарали фойдаланиш, иқтисод қилиш ва насос станциялари агрегатларини мавсум давомида таъмирлаш масалалари муҳокама этилди.

Тадбирда Бошқарма бошлиғининг ўринбосари Н.Аралбаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 июндаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида электр энергияни тежаш борасидаги вазифаларга тўхталиб, Сув хўжалиги вазирлигининг ҳафталик графикда белгилаб топшириқлар асосида барча насос станцияларида замонавий энерго тежамкор қурилмаларни ўрнатиш ва насос станциялар агрегатларини сифатли таъмирлаш каби масалалар юзасидан тушунтириш ва кўргазмали тадбирлар ўтказилаётганини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда Бошқарманинг Энергетика бўлими участка бошлиғи Қ.Алиев кун тартибидаги масалалар юзасидан мазкур тумандаги насос станцияларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Таъкидланганидек, Қонликўл туманида бугунги кунгача янгидан 4 дона насос, 11 дона электродвигатель, 22 дона конденсатор ўрнатилган. Ускуналарнинг янгиланганлиги натижасида йилига ўртача 355,592 минг кВт электр энергияси иқтисод қилинишига эришилаётгани айтиб ўтилди.
Кўргазмали семинар шаклида ўтказилган тадбирда насос станцияларида куз-қиш мавсумда режалаштирилган ишлар, хусусан, насос агрегатларини таъмирлаш-тиклаш, насос агрегатларини соз ҳолатда сақлаш ва қишдан талофатсиз ўтиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати