СУВ ХЎЖАЛИГИ МАСЪУЛЛАРИ ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

     Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев бир неча халқаро ташкилотларнинг республикамиздаги вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни моҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги «Оролбўйи халқаро инновация маркази» масъуллари билан учрашди.

     Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда минтақамизда кузатилаётган сув танқислиги ортиб бораётгани, айниқса, Оролбўйида унинг таъсири кескинлашаётгани таъкидланиб, ҳудудда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича янги инновацияларни жорий қилиш, бу жараёнга халқаро ташкилотларнинг грант лойиҳаларини жалб қилиш масалалари муҳокама этилди.

     Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев Қорақалпоғистоннинг канал ва ариқларида катта миқдорда сув йўқотишлари бўлаётганини, магистрал каналдан фермер даласигача сувни етказиш бўйича шаффоф ва инновацион ахборот тизими яратиш зарур бўлаётганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ариқларга турли хил қопламалар ётқизиш орқали сув тежаш йўналишларида ҳамкорликда халқаро грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклифини билдирди.

     Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни моҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги «Оролбўйи халқаро инновация маркази» директорининг фан ва ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари К.Идирисов, БМТ Тараққиёт дастурининг Қорақалпоғистондаги лойиҳа раҳбари А.Утемисов, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти GIZ дастурининг Атроф-муҳитга йўналтирилган   Оролбоўйи минтақасини минтақавий ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Юлиан Фелтен, Жанубий Кореяда жойлашган ҳукуматлараро ташкилот Яшил ўсиш глобал институтининг Қорақалпоғистон Республикасидаги лойиҳа катта матахассиси А.Тлеумуратов ҳамда Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни ва барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш дастурининг ҳудудий координатори А.Курбановлар ҳақиқатан ҳам Қорақалпоғистон Республикаси учун сув муаммоси энг долзарб масала эканлиги таъкидланиб, ҳозирги кунда сувдан самарали фойдаланиш йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳалари ҳақида маълумот бериб ўтишди.  

     Учрашувга ташриф буюрган меҳмонлар Сув хўжалиги вазирлигининг халқаро ташкилотлар вакилларини бир жойга жамлаб, энг долзарб муаммога айланиб улгурган сув масаласида ҳамкорликда ишлашга чақиргани учун миннатдорлик билдиришди. Ҳар бир ташкилот вакиллари бугунги учрашувда муҳокама этилган масалалар бўйича инновацион усулларини излаш ва ҳамкорликда ишлашга келишиб олдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати