Қорақалпоғистон: СУВ ТЕЖОВЧИ МАҲСУЛОТЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҚУВВАТЛАРИ ВА ЗАХИРАСИ ЎРГАНИЛДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича кредитлар ажратиш тизимига ўзгартишлар киритилмоқда.

       

Мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига етказиш мақсадида “Агробанк” АТБ,  Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилиб, жойларда ўқув-семинарлари ўтказишмоқда. Масъул вакиллар ҳудудларда кредитлаш янги онлайн “Suvkredit.uz» платформаси тўғрисида тушунтириш бериш билан бирга сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини ҳам ўрганишмоқда.

Мазкур ишчи гуруҳ таркибида Қорақалпоғистонга келган Сув хўжалиги вазирлигининг масъул вакили Х.Юлдашев тегишли масъуллар билан биргаликда Нукус шаҳрида жойлашган “Соф полимер” МЧЖ нинг ишлаб чиқариш корхонасида бўлиб, корхонанинг 2024 йилда сув тежовчи технологиялар учун зарур бўлган материаллар ишлаб чиқариш қуввати билан танишди. Шунингдек, Хўжайли туманидаги “MIDASIA” МЧЖ ва Чимбой туманида “Tabiat-Ximoyada” МЧЖ омборхоналарида маҳсулотлари ва мавжуд захиралари кўздан ўтказилди.

Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан туманларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳамда кредитлашнинг янги онлайн “suvkredit.uz” платформаси тўғрисида тушинчалар берилмоқда.

Таъкидланганидек, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга suvkredit.uz платформаси орқали 5 йил муддатга, шундан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларга тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 10 фоиздан ошадиган қисми Давлат бюджети томонидан қоплаб берилади.

Ўтказилаётган семинарларга кластер ва фермер хўжаликлари, қурувчи ташкилот вакиллари ҳам жалб қилиниб, жорий этилаётган янгиликлардан хабардор қилинмоқда. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоблар олишмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати