“Суенли” каналини модернизация қилиш” лойиҳаси муҳокама этилди

    Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Винсент Капен  раҳбарлигидаги делегация вакиллари Қорақалпоғистонга ташриф буюрди.

    Делегация вакиллари дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов қабулида бўлишди.

     Учрашувда Франция тараққиёт агентлиги ва Европа инвестиция банки иштирокида амалга оширилиши кутилаётган Қўшма дастур доирасидаги лойиҳалар бўйича  ҳозирги кунгача олинган маълумотлар таҳлили бўйича маълумот берилди ва ўзаро фикр алмашилди.  

    Шу ерда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги  ва Ўрмон хўжалиги қўмитаси  масъуллари иштирокида “Суенли каналини модернизация қилиш” ҳамда “Қорақалпоғистондаги деградатсияга учраган ерларни қайта тиклаш” лойиҳалари бўйича амалга ошириладиган муҳим вазифалар муҳокама қилинди. 

    Куннинг иккинчи ярмида  делегация вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев ҳамда соҳа масъуллари билан биргаликда “Суенли” магистрал каналини модернизация қилиш” лойиҳасини муҳокама этдилар.

     Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Винсент Капен, Қўшма дастурни кузатиб борувчи масъул ходим Аделаид Нодан, Франция тараққиёт агентлиги ходими  Жюльен Леколлине ва “Info Capital Group” va “Pahmanov Partners” маслаҳатчи компанияси ходими Ахмед Рахманов иштирок қилган тадбирда  “Суенли” магистрал каналини модернизация қилиш”  лойиҳаси бўйича тайёрланаётган дастлабки техник-иқтисодий асосининг тақдимотини қилдилар.

     Тақдимот давомида икки тарафнинг лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун фикрлари ва таклифлари тингланди. Бунда канални бетонлаш, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, канал бўйида бузилган ер майдоналарини қайта фойдаланишга киритиш, канал бўйида инфратузилмани яхшилаш борасида эришиладиган натижалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, каналлар бетонлангач иқтисод бўлган сув ресурсларини табиий кўлларга йўналтириш орқали экотизимни яхшилашга қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати