Кегейли тумани: ЕРЛАРНИНГ МЕЛИОРАТИВ ҲОЛАТИНИ ЯХШИЛАШ БЎЙИЧА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

___ Кегейли туманида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ер ости сувлари сатҳини онлайн кузатувчи “Дайвер” қурилмаларини ўрнатиш ва коллекторларни ҳудуддаги коллекторларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича сайёр семинар ўтказилди.

___Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияси бошлиғининг ўринбосари О.Нурлибаев, бўлим бошлиқлари ва Мелиоратив экспедициясининг тумандаги масъуллари иштирок қилди.

___Таъкидланганидек, тегишли қарор ва дастурлар асосида Кегейли туманида жорий йилда 19 дона ер ости сувлари сатҳини, шўрланиш даражасини ҳамда температурасини ўлчайдиган қурилмаларини ноябрь ойида ўрнатиш белгиланган. Семинарда Қорақалпоғистонда ноябрь ойида об-ҳавонинг кескин совиб кетиш эҳтимоли юқорилигини ҳисобга олиб, “Дайвер” қурилмаларини ўрнатиш ишларини ҳозирдан бошлаш чораларини кўриш зарурлиги айтилди. Бу юқорада Кегейли туман мелиоратив бўлими етакчи муҳандис мелиоратори Қ.Аллахов ҳамда пудрат ташкилот раҳбари А.Самандаровга тез кунларда объектларда иш бошлаш кераклиги тўғрисида тегишли топшириқлар берилди.

___Шунингдек, семинар иштирокчилари тумандаги мелиоратив объектларида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар. Кегейли туманида 44 км узунликда “Халқабат каналлари” хўжаликлараро коллектори “Бунёдкор Мерос” МЧЖ, 18,5 км узунликда “Абат сувчи” хўжаликлараро коллектори “Арковай Мелиоратор” МЧЖ томонидан таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди.

___Мелиоратив объектларда амалга оширилган ишлар натижасида ер ости сувларининг ўртача сатҳи 1,36 метр дан 2 метргача пасайишига, кучли шўрланган 34,3 гектарга, ўрта шўрланган 160,6 га кам шўрланган ерлар 157,5 га камайишига эришилади.

___Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4912-сонли қарорида 2023 йилда Кегейли туманида 100,4 км узунликдаги “Халқабат каналлари” ҳамда “Абат сувчи” хўжаликлараро коллекторларида тизимли таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати