Нукус тумани: МЕЛИОРАЦИЯ СОҲАСИДАГИ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Нукус туманида Қорақалпо­ғистон Республикаси Сув хўжалик вазирлиги ҳузиридаги мелиоратив экспедицияси масъул ходимлари иштирокида  тумандаги мелиоратция объектларида шўр ювиш давридан олдин амалга ошириладиган тадбирлар ва коллектор тармоқларининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

 Унда Мелиоратив экспедицияси бошлиғининг ўринбосари О.Нурлыбаев кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

      Таъкидланганидек, тегишли қарор ва дастурлар асосида Мелиоратив экспедицияси балансидаги коллектор тармоқларига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарори билан тасдиқланган, Ер участкаларини доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентида белгиланган тартибда коллектор-дренаж тармоқларининг соҳил бўйи минтақаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан экспедиция балансига  ажратилган. Шунга кўра Нукус туманида жойлашган 7 та туманлараро ва хўжаликлараро коллектор-дренаж тармоқларининг барчасига кадастр паспорти олиниб, давлат рўйхатига қўйилганлиги таъкидланди.

Муҳокама давомида туман мелиоратив экспедицияси ходимларининг қиш ва баҳор мавсумида амалга оширадиган муҳим вазифалари белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, мазкур туманда жами 10 минг 269 гектар майдонда шўр ювиш ишларини олиб бориш белгиланган. Бу агротехник тадбирни сифатли олиб боришда ҳудуддаги мелиоратив экспедиция ходимларининг зиммасига катта масъулият юкланиши, ҳар бир майдонда ер ости сувларининг сатхи ва шўрланиш даражаси ҳақидаги хулосаларни таҳлил қилган ҳолда фермер ва деҳқонларга зарур тавсияларни бериб бориш тушунтирилди.

Тадбир иштирокчилари тумандаги ер ости сувлари сатҳини онлайн кузатувчи қудуқлар ва уларга ўрнатилган “Дайвер” қурилмаларининг ишлаш жараёнларини кўздан кечирдилар.  Бу борада мавсум давомида  бажарилиши лозим бўлган тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати