___ Кегейли туманида шўр ювишга ер тайёрлаш, лазерли текислашнинг аҳамияти ва сув хўжалигидаги муҳим тадбирлар юзасидан кўргазмали амалий-семинар ўтказилди. Ҳудуддаги ирригация ва мелиорация ходимлари, кластер, фермер хўжалиги вакиллари иштирок қилган тадбирда сув хўжалиги масъуллари билан бирга олимлар ҳам иштирок қилди.

___ Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Бошқармаси бошлиғи Қ. Муратов, Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти директори А.Уразкелдиев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Б.Жузбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Мелиоратив экспедиция бошлиғи И.Жанабаевлар иштирок қилди ва Қорақалпоғистон шароитида шўр ювишга ер тайёрлашда аҳамият қаратиш лозим бўлган тадбирлар ва бугунги кунда амалга ошириладиган ишлар юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмаларини бериб ўтдилар.

___ Таъкидланганидек, шўр ювиш тадбирини белгиланган талаблар асосида амалга ошириш, ўз-ўзидан ҳудуда ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига хизмат қилади. Соҳага жорий қилинган янги технологиялар асосида бугунги кунда мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари сатҳи ва минераллашганлик даражасини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи (DIVER) қурилмалари ўрнатилган. Шулардан олинган маълумотларга кўра, йилдан-йилга ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ер ости сизот сувлари муаммоли бўлган ҳудудларда ҳам улар 2 метрдан пастга тушмоқда. Бу маълумотлар ҳам шўр ювишни ташкил қилишда ва провардида деҳқонларимиз ердан юқори ҳосил ошишига ёрдам бериши аниқ.

___ Семинарда Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти директори А.Уразкелдиев шўр ювишга ер тайёрлаш, пол олиш ва сув очиш тартиблари ҳақида илмий асосланган тавсияларини бериб ўтди. Мазкур институтнинг Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори, т.ф.н. С.Қурбанбаевлар кучли шўрланган майдонларда қўлланилиши тавсия этилаётган “Биосольвент” препарати ва ундан фойдаланиш технологияси ҳақида маълумот берди ва иштирокчиларга кўргазмали турда намойиш этилди. Шунингдек, институт олимлари томонидан ишлаб чиқилган мавзуга оид буклетлар ҳамда “Сувдан рационал фойдаланишда шўр ювишнинг самарадорлигини ошириш бўйича” тавсиянома қўлланмаси сувчи ва фермерларга тарқатилди.

___ -Жорий экиш мавсуми олдидан туманимизда 9 минг 233 гектар майдонда шўр ювиш ишларини олиб бориш режалаштирилган, – дейди Кегейли тумани ирригация бўлими раҳбари Қуралбай Примбетов. Туман мелиорация бўлими билан биргаликда кучли, ўрта ва кам шўрланган далаларнинг ҳудудлар кесимида маълумотлари шакллантирилди. Суғориш мавсумига тайёргарлик кўриш жараёнида 29,2 километр хўжаликлараро каналлар қазиб тозаланди. Шунингдек, 20 дан ортиқ гидротехник қурилмалар, сув олиш қулоқлари, 26 та гидропостлар таъмирланди.

___ Бугун туманимизда ўтказилган семинарда шўр ювишга тайёргарлик ишларини яна бир бор танқидий кўриб чиқиб, барча сув истеъмолчиларга шўр ювишга сув олиш учун ерларни талаб даражасида тайёрлаш бўйича кўрсатмаларни олдик. Ҳақиқатан ҳам жорий қиш фаслида ҳаво-ҳароратининг кескин совиқ бўлиши сабабли шўр ювишга тайёрланган майдонларда талаб даражасида текисланмай ёки, пол олинмай қолган далалар бор. Мана ҳарорат ҳам кўтарилиб, далаларга техника кириб ишлаш иконияти туғилмоқда. Биз тез кунларда қолган майдонларда ҳам шўр ювишга сифатли тайёрлашнинг барча чораларини кўрамиз.
___
___Тадбир иштирокчилари ҳудуддаги шўр ювиш учун тайёрланган далалар ва ички суғориш тармоқларининг мавсумга шайлиги билан ҳам натишди. “Жузим боғ” ОФЙ ҳудудидаги участка раҳбари, 2-тоифали муҳандис гидротехник Ериусалим Алланазаров ва ҳудуд сувчилари ички суғориш тармоқларида шўр ювиш даврида сув тақсимланиши ва бу тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтдилар.
___Сув хўжалиги масъуллари ва олимлар мазкур далаларни шўр ювишга тайёрлашда йўл қўйиладиган камчиликларни кўрсатиб, бу борадаги муҳим тадбирларни амалга ошириш бўйича сувчилар ва фермер хўжалиги вакилларига тегишли кўрсатмалар беришди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби