___ Оролбўйда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириладиган майдонлар анъанавий равишда ҳар йили қиш фаслида шўр ювиш тадбирлари ўтказилар эди. Бир неча йилдирки, минтақамизда кузатилаётган сув тақчиллиги инобатга олиниб, ноябрь ойидан февраль ойигача Туямўйин сув омборига сув захираси йиғиладиган бўлди. Шўр ювиш тадбирлари эса, феврал ойи охири ва баҳорнинг дастлабки ойида ўтказиб келинмоқда.

___ Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган Медиа-режада жорий йилнинг февраль ойида Қорақалпоғистон Республикасида ерларни шўр ювишга тайёрлаш, лазер ускунаси ёрдамида текислаш ҳамда бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни, хусусан сув истеъмолчиларини хабардор қилиш мақсадида матбуот анжумани ўтказиш назарда тутилган.

___ Мазкур Медиа-режага мувофиқ, Кегейли туманида “Шўр ювишга ер тайёрлаш, лазерли текислашнинг аҳамияти ва сув хўжалигидаги муҳим тадбирлар” мавзусида дала шароитида матбуот анжумани ўтказилди.

___ Тадбир аввалида, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Б.Жузбаев сўз олиб, сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ишлар, хусусан шўр ювишга ер тайёрлаш тадбирлар ва унинг аҳамияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
___ Шундан сўнг матбуот анжумани очиқ мулоқот тарзида давом қилди. Марказий ва маҳаллий нашрлар, теле ва радиоканаллар вакиллари сув хўжалиги масъулларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан юзландилар.

___ Журналистлар саволларига Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Бошқармаси бошлиғи Қ. Муратов, Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти директори А.Уразкелдиев, мазкур институтнинг Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори С.Қурбанбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Б.Жузбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Мелиоратив экспедиция бошлиғи И.Жанабаев ва Кегейли тумани ирригация бўлими раҳбари Қ.Примбетовлар жавоб бердилар.

___ Анжуман давомида журналистлар айни кунларда кўплаб деҳқон ва фермерларимизни қизиқтириб турган савол, яъни Қорақалпоғистонда оммавий равишда шўр ювиш тадбирлари қачондан бошланиши ҳақида ҳам сўрашди.
___ Сув хўжалиги масъуллари томонидан Туямўйин сув омборида жамғарилган сув миқдорларидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 15 февраль санасидан республикамиз туманларига дарё ва каналлар орқали сув етказиш бошланиши режалаштирилгани маълум қилинди.

___ Оммавий ахборот воситалари вакиллари тадбирда таъкидланган тавсия ва кўрсатмаларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида сув хўжалиги масъуллари ҳамда олимлардан алоҳида интервьюлар ҳам ёзиб олишди. Тадбир иштирокчилари Кегейли туманидаги «KEGEYLI-CHIMBOY AGROKLASTERI» МЧЖ дала майдонларида шўр ювиш ишлари билан ҳам танишди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби