туманлараро тажриба алмашилмоқда

___Қорақалпоғистон Республикаси туманларида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича туманлараро тажриба алмашиш бўйича семинарлар ўтказилмоқда.
___Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган график асосида 11 август куни Амударё, Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Қораўзак, Бўзатов, Тахиатош ва Тахтакўпир туманларига қолган саккизта туманнинг сув хўжалиги масъуллари, фермерлар ташриф буюриб, ўзаро тажриба алмашдилар. Эртага бугун семинар бўлиб ўтган туман вакиллари бошқа туманларда бўлиб тажриба алмашиши режалаштирилган.

___– Мазкур семинарларнинг айни август ойида ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас, – дейди Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бошқармаси бошлиғи Туроб Қаюмов. – Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги ПҚ-4919-сон қарори асосида жорий йилда бошқа ҳудудлар сингари Қорақалпоғистонда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган майдонларда сув тежовчи технологиялар кенг қўлланилмоқда. Ушбу туманлараро тажриба алмашувларни август ойида ўтказиш юқорида келтирилган қарорда ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Бундан кўзланган мақсад шуки, аввало бу янги технологиянинг натижадорлигини кенг тарғиб қилиш, яъни жорий йилда бу технологияни қўлламаган фермер ва сув истеъмолчиларига тежамкор технологиянинг самарасини бевосита далаларда кўрсатиш ва келгуси йил ҳосили учун янада кенгроқ қўллаш учун ҳар томонлама замин яратишдир. Сабаби, сув танқислиги кучайиб борар экан бу муаммони бартараф қилиш ва кам сув билан ҳам кўпроқ ҳосил олишнинг яккаю-ягона ва энг тўғри йўл – бу сув тежовчи технологияларни қўллашдир.
___Тажриба алмашиш мақсадида ташкил қилинган семинарларда сув тежовчи технологияларнинг самарадорлигини кенг тарғиб қилиш билан бирга, жорий йилда фермерлар тежамкор технологияни ўрнатишда дуч келган муаммолар ҳам ўрганилмоқда.

___– Бу йил 30 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилдик, – дейди Амударё туманидаги “Ражапов Омонбой” фермер хўжалиги раҳбари О.Ражапов. –Бу технология ҳавузга сув етарли миқдорда мунтазам келиб турса энг самарали технология экан. Бизнинг экин майдонларимиз ички каналларнинг энг охирида жойлашганлиги туфайли кузатилган сув танқислигида ҳовузларимизга сув етмай қолган пайтлар ҳам бўлди. Биз ҳовуз бўйига иккита артезиан қудуқларини қазиб имкон қадар ҳовузларни тўлдириб, муаммони бартараф қилиш чораларини кўрдик.
___Семинарларда сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ва ғалла майдонларини суғоришда йўл қўйилган хато-камчиликлар аниқланиб, сабаблари таҳлил қилинмоқда. Шунингдек, жойларда қурувчи ташкилотлар томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш бўйича топшириқлар берилди. Келгуси йил ҳосили учун экиладиган ғалла майдонларини лазер ускунаси ёрдамида текислаш, суғоришда агротехник қоидаларга амал қилиш ва ушбу далаларда ёмғирлатиб суғориш технологияларини ўрнатиш бўйича тавсиялар берилди.

___Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида 2021 – 2023 йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ишларининг прогноз кўрсаткичлари белгиланган. Шунга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йилда 17 минг 422 гектар майдонда сув тежамкор технологияларни жорий қилиш белгиланган бўлса, шундан 15 минг 418 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш назарда тутилган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги
Матбуот котиби