Мамлакатимизинг бошқа ҳудудларидан фарқли ўлароқ Оролбўйи минтақасида қиш ва баҳор фаслида қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган майдонларда шўр ювиш тадбирлари ўтказилади. Минтақамизда сув тақчиллиги йил сайин ошиб бораётган бугунги шароитда ерларнинг шўрини ювиш тадбирларида ҳам сувни тежаш талаб қилинмоқда.

Шу боис ҳудудларда шўр ювишга ажратилаётган сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш тадбирларини ташкил қилиш мақсадида “Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатилиб, мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
-Шўр ювиш ишларини ўрганиш давомида фермер ва бошқа сувдан фойдаланувчиларга тегишли тавсиялар ҳам берилиб, ажратилган сув олиш лимитлари доирасида шўр ювиш тадбирларини олиб бориш бўйича амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда, – дейди «Сувхужаликназорат» инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи в.в.б И.Асаматдинов. – Бундан ташқари, майдонларни шўр ювишга тайёрлаш ва суғоришда тупроқнинг шўрланганлик даражасига ва механик таркибига қараб, полларни сув билан тўлдиришда юқоридан пастга қараб, коллектор-дренаж тармоғи томон навбат билан амалга оширилиши бўйича тушунтириш ишлари ўтказиб борилмоқда.
Жорий мавсумда Қорақалпоғистон Республикасида шўр ювиш мавсумида 160,7 минг гектар майдонларда шўр ювиш тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб,шундан 81,9 минг гектар (51 фоиз) майдонда амалга оширилган. Бугунги кунгача шўр ювиш тадбирлари эртароқ бошланган Амударё ва Тахиатош тумаларида 100 фоиз, Беруний 92 фоиз, Тўрткўлда 81 фоиз, Элликқалъа 79 фоизга шўр ювиш ишлари амалга оширилди.

Келиб турган сув миқдорларидан самарали фойдаланиш мақсадида шиолий туманларга навбатлаб сув бериш графиги тасдиқланди. Мазкур график асосида ҳозирги кунда асосан “Кегейли” магистрал канали орқали, Чимбой, Кегейли туманларига ва “Суенли” канали орқали Хўжайли ва Шуманай туманларига, “Анасай” каналидан Нукус ва Бўзатов туманларига шўр ювиш тадбирларини кенг кўламда олиб бориш учун сув берилмоқда. Ҳозирда 3-5 метр куб сув берилиб турган туманларга 17 мартдан кўпроқ миқдорда сув берилиши назарда тутилган. Масалан. Ҳозирда сув берилмай турган “Қуўаниш-жарма” магистрал канали орқали 18 мартдан Қораўзак туманига секундига 40 метр куб, Тахтакўпирга 30 метр куб сув берилиши белгиланган. Ҳозирда сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ҳудудлардаги тизим ташкилотлари масъуллари мавжуд сувлардан мақсадли фойдаланиб, белгиланган майдонларни тез кунларда шўрини ювиш тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш чораларини кўрмоқдалар.
“Сувхўжаликназорат” инспекция ходимлари ҳам ушбу тадбирларда фаол иштирок қилиб, ўрганишларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар бериб келмоқда. Айрим фермер хўжаликлари томонидан шўр ювишга майдонларни сифатли тайёрламасдан, яъни, текислаш ва чел олмасдан шўр ювиш ишлари амалга оширилиши натижасида сув ресурсларининг ортиқча сарфланиши сабаб бўлмоқда.
Масалан, Кегейли туманида ўтказилган ўрганишлар натижасида, “Кукўзак” ОФЙ ҳудудидиги “Муса Анна”,“Кудайберген Бийбиайша”,“Каллибек Пирлешов”, “Жузим бағ” ОФЙ ҳудудидаги “Айтнияз анна”, “Рустем Ережепов”, “Кайп майшы” фермер хўжаликлари томонидан шўр ювиш ишлари ер тайёрламасдан олиб борилганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарорининг 60-бандига мувофиқ, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига нисбатан улар томонидан қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, саноат, энергетика ва коммунал-маиший эҳтиёжлар учун сув олиш тартиби бузилган тақдирда, яъни, лимитдан ортиқчасув олинган учун -ҳар минг куб метр сув учун – белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида, шунингдек, сув истеъмоли бўйича шартнома тузмасдансув олиш ҳолати учун 30 фоиз, сувдан махсус фойдаланиш рухсатномасисиз фойдаланганлик учун 40 фоиз, сувдан ўзбошимчалик фойдаланганлик учун 30 фоиз миқдорида жарима санкцияси қўлланилиши белгиланган.
Шундай экан, барча тоифадаги сувдан истеъмолчилари шўр ювиш тадбирларида ҳар бир куб метр сувдан самарали ва мақсадли фойдаланиши зарур. Шу ўринда фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчиларидан далаларга етарлича сувчиларни чиқаришини, куну-тун сувни бошқариб, суғориш ишларини назоратсиз қолдирмасликларини сўраб қоламиз. Бу борада “Сувхўжаликназорат” инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан жойларда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши устидан тизимли назорат олиб борилаётганини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-37-сон Фармони 3-иловаси 4-бандида сувнинг қадр-қиммати ҳақида кенг кўламли ахборот кампаниясини ўтказиш топшириғи берилган.
Жойларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларида сув солиғидан йиғилган тўловлар ана шу ҳудуднинг сув инфратузилмасини ривожлантириш ва ҳудудлар фаровонлигини оширишга сарфланиши ҳақида сув истеъмолчиларига тушунчалар берилаяпти.
Мана шу жараёнда сув истеъмолчиларининг оби ҳаётга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш зарурлиги таъкидланиб, сув тақчиллиги ортиб бораётгани ҳақида башоратлар мисол қилиб келтирилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги
Матбуот хизмати