Қорақалпоғистон: Коллектор бўйида ўрдак боқилмоқда

      Сув хўжалиги объектлари атрофидаги ҳимоя зоналарида ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш, ишчи-ходимларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида қўшимча имкониятларни ишга қўшиш талаб этилмоқда.

     Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг  Хўжайли туманидаги “Сувчилар боғи”да ташкил қилинган ёрдамчи хўжаликда боғдорчилик ва деҳқончиликка қўшимча ўрдак боқиш ҳам йўлга қўйилди.

     -Боғ атрофидаги коллекторни тозалаб, ёнига ихчам ўрдакхона қурдик, – дейди Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Кенес  Сарибаев. -Дастлаб ўрдакхона қуриш учун жами 14  миллион сўмдан ортиқроқ маблағ сарфладик. Қурилиш ишлари тўлиқ ишчиларимиз томонидан олиб борилди.

     Ёрдамчи хўжаликда 300 бош ўрдак боқиш учун ҳар бир ўрдакни 20 000 сўмдан сотиб олдик ва 6 миллион сўмни ташкил этди. Боғ ораларига экилган донли экинлар ўрдаклар учун бепул озуқа бўлгани ҳисобидан даромад олиш имкониятларимиз янада ошди.

    Икки-уч ой давомида боқилган ҳар бир ўрдак ўртача 4-5 килограм гўшт бермоқда. Хуллас, ихчамгина ушбу ўрдакхонадан самарали фойдаланилса 30-40 миллион даромад топса бўлишини ҳозир амалда исботини кўраяпмиз.

    Айни кунда ўрдакхонани кенгайтириш ёнида товуқ боқишни ҳам йўлга қўйиш учун шароитлар қилинмоқда. Шунингдек, бу ишларни ҳудудлардаги насос станцияларида ҳам ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати