ОБОДОНЛАШТИРИШ ҲАШАРИДА СУВЧИЛАР ҲАМ ИШТИРОК ҚИЛМОҚДА

___Бугун юртимиз бўйлаб «Обод ва кўркам маҳаллам» шиори остида ўтказилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарида қорақалпоғистонлик сувчилар ҳам фаол иштирок қилмоқда.

___Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 мартдаги қарори асосида «Наврўз» умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, ҳудудларнинг эпидемиологик осойишталигини сақлаш, шунингдек маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 2021 йил 13 март куни кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш таклифи маъқулланган эди.

___Аслида бу каби ишларлар Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларида  «Зарбдор 40 кунлик» тадбири доирасида эртароқ бошланган эди. Бугунги умумхалқ ҳашари доирасида эса, ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

___Об-ҳавонинг бироз совуқлиги ҳам меҳнатда шижоатли сувчиларнинг ободонлаштириш ишларига ҳалақит қилолмаяпти. Тизим ташкилотларининг маъмурий бинолари атрофлари ободонлаштирилиб, дарахтларга ишлов берилмоқда. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан сув хўжалиги ташкилотларида ишловчи ҳар бир ходим 30 туп кўчат экиш режалаштирган эди. Бугунги ҳашар давомида  олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонларга кўчат экиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

___Ҳашар доирасида ирригация тармоқлари, гидроиншоотлар атрофларида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати