Бўзатов тумани: Мобиль кўчма ёмғирлатиш тизими афзалликлари тушунтирилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманидаги “Эркиндарё чорваси” масъулияти чекланган жамиятининг ғалла майдонида сув тежовчи технологиялар – Мобиль кўчма ёмғирлатиш тизими ҳақида сув истеъмолчиларига кенг маълумот бериш юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди.

Семинарда Бўзатов тумани ҳокими К.Алланиязов  ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги масъул ходими Н.Худойбердиевлар иштирок қилиб, кейинги йилларда минтақамизда сув ресурсларининг камайиб бораётгани ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бугунги куннинг энг долзарб масаласи эканлигини таъкидлашди. Шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сон қарори мазмун-моҳияти бўйича тадбирда иштирокчиларига кенг турда маълумот бериб ўтилди.

Таъкидланганидек, мазкур далага ўрнатилган сув тежовчи технология ёмғирлатиб суғориш типига кирадиган – Мобил суғориш тизими ҳисобланади. Анаънавий суғоришга нисбатан 40-50 фоизгача сув иқтисод қилинади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари агарда ушбу тежамкор технологияларини ўз далаларида жорий этсалар Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 144-сонли қарор талаблари асосида субсидия маблағлари олиши мумкин.

-Қорақалпоғистон Республикасида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялардан ташқари дискрет суғориш, эгилувчан қувур ва эгатга плёнка тўшаб суғориш каби сув тежовчи технологиялардан кенг қўлланилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси А.Қидирбаев. – Ҳар ҳафтанинг пайшанба кунлари “Сув тежовчи технологияларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар” юзасидан амалий ва кўргазмали семинарлар ўтказиб янги технологиялар ҳақида фермерларга маълумот бериб келмоқдамиз.  Бугун Бўзатов туманида кўрсатган ғалтакли пуркагич суғориш машинаси ҳам кўплаб фермерларимизни қизиқтирди. Сувни пуркаб, яъни ёмғирлатиб суғорадиган технологияси сув турбинаси ғилдирагини айлантириш учун суғориш босими сувидан фойдаланади, тезликни ўзгартириш мосламаси орқали айланиш учун ғилдиракни бошқаради ва автоматик равишда ҳаракат қилиш учун пуркагични тортади. У қулай ҳаракатланиш, оддий операция, меҳнат ва вақтни тежаш, суғоришнинг юқори аниқлиги, яхши сувни тежаш эффекти ва кучли мослашувчанлик афзалликларига эга.

Маълумот учун: Семинар ўтказилган “Эркиндарё чорваси” МЧЖ ғалла майдонларининг 117 гектари мазкур ёмғирлатиб суғориш технологияси орқали суғорилмоқда.

Ҳозирги кунгача Кегейли, Қораўзак, Тахтакўпир, Бўзатов, Тахиатош, Хўжайли, Қонликўл, Мўйноқ ва Амударё туманларида жами 20 та ёмғирлатиб суғориш типига кирадиган – Мобил суғориш машинаси олиб келиниб суғоришда қўллана бошланди. Яна 11 дона ана шундай  ғалтакли пуркагичли суғориш машиналари олиб келинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати