Бўзатов тумани: “Шилимкўл” насос станциясида семинар ўтказилди

    Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари иштирокида Бўзатов туманидаги “Шилимкўл” насос станциясида “Электр энергиясидан самарали фойдаланиш, иқтисод қилиш ва насос станциялар агрегатларини сифатли таъмирлаш” масалалари юзасидан семинар  ўтказилди.

  Семинарда Бошқарма бошлиғининг ўринбосари Н.Аралбаев кун тартибидаги масалалар – насос станцияларида электр энергиясидан самарали фойдаланиш,  насос станциялар агрегатларини таъмирлаш ва суғориш мавсумида сифатли ишлашини таъминлаш борасида белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди ҳамда амалга ошириладиган ишлар кенг муҳокама этилди.

    Маълумот берилганидек, сув хўжалигида  “Насос станцияларининг самарадорлигини ошириш” йили деб белгиланган жорий йилда насос агрегатларига  энергия тежамкор ускуналарни ўз муддатида ўрнатиш ишлари алоҳида назоратга олинган. Бошқарманинг Энергетика бўлими бошлиғи Жумабай Толеубаевнинг маълумот беришича, ҳозирги кунгача 1 дона насос, 2 дона электродвигатель, 17 дона конденсатор ўрнатилди. Ушбу ускуналарнинг янгисига алмаштирилиши ҳисобидан йилига ўртача 307,680 минг кВт электр энергияси иқтисод қилинишига эришилади.

     Семинар давомида бошқарманинг Ишлаб чиқариш техника бўлими бошлиғи С.Утемуратов Бўзатов-Чимбой  бўлимидаги барча  насос станциялар атрофларида ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш ҳамда чорва моллари, парранда ва қуёнларни боқиш ва мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиб қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича белгиланган вазифалар тушунтирди ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Масъулларга семинар кун тартибидаги масалалар юзасидан керакли тавсия ва топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати