ЁШЛАРГА ТАЖРИБАЛИ УСТОЗЛАР БИРИКТИРИЛДИ

Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига 4 нафар ёш  ходим ишга қабул қилинган эди. Бошқарма раҳбарияти устоз-шогирд анъанасига мувофиқ, ёш ходимларга устозларни бириктирди.

Устозлар кўп йиллардан буён шу соҳада ишлаб тажриба тўплаган, бугун устозлик мақомига эришган, ўз ишларига масъулиятли ходимлар орасидан танланди.

Мисол учун, бошқарманинг насос станциялар ва қудуқлардан фойдаланиш сектори бошлиғи Р.Пайзуллаевга ёш ишчи ходим Е.Джандаулетов, Энергетика бўлими муҳандиси К.Алиевга ёш ишчи ходим Т.Каллибеков, Таъмирлаш цехи электрогазпайвандчиси С.Муратовга ёш ишчи ходим Ж.Ялгашев ва Манғит-Назархон бўлими муҳандис-механиги У.Атажановга ёш ишчи ходим Т.Сапаримбетов бириктирилди.

 Асосий мақсадимиз ёш, малакали кадрлар сафини кенгайтириш,  дейди Бошқарманинг ишлаб чиқариш техника сектори бошлиғи С.Утемуратов.  – Ёшлар  замонавий ахборот технологияларини яхши тушунади. Биз соҳамиздаги тажрибаларимизни ўргатсак, насос станцияларини ишлатишда зарур билимларни эгаллашларига кўмаклашсак, улардан етук мутахассислар чиқиши аниқ.

Ёш ходимлар соҳага доир норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништирилиб, уларга техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари, кундалик фаолиятлари билан боғлиқ бўлган меъёрий ҳужжатларни юритиш, зиммасидаги вазифанинг масъулияти ва жавобгарлиги тушунтирилди.

Бошқармада ёш кадрларнинг малакасини ошириб бориш мақсадида устозлари назоратида ўқув ва амалий машғулотлар ўтказиб бориш ҳам йўлга қўйилган.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги
матбуот котиби