Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги ташкилотларига ёрдамчи хўжаликлар ташкил этишда намуна бўлиб келаётган Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари Қурбон ҳайит байрами муносабати ишчи-ходимларига мева ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тарқатмоқда.

Излаган имкон топар, деганларидек, Бошқарма ходимларининг ёрдамчи хўжалик ҳисобида ташкил қилган бир неча ўриндаги боғлари аллақачон мевага кирган. Чорва ҳамда паррандалари ҳам мана шундай байрам арафасида ишчиларни қўшимча рағбатлантиришга жуда қўл келмоқда.
Шунингдек, Насос станциялар атирофларида ташкил этилган ёрдамчи хўжаликларда 4 гектар майдонда картошка, 17 гектарга сабзавот, 4 гектарга ловия, 6 гектарга мош, 10 гектарга полиз ва 30 гектарга бошқа қишлоқ хўжалик экинлари экилган.
Бугун, Қораўзак туманида жойлашган “Есимўзак-2” насос станциясида ўтказилган семинарда ҳам мавсумдаги вазифаларни белгилаб олиш ҳамда байрам муносабати билан ишчи ходимларни қўшимча рағбатлантириш масаласи муҳокама этилди.
Семинарда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг бўлим бошлиғи С.Утемуратов унда иштирок қилаётган ходимларга насос станцияларда фойдаланилаётган электр энергиядан оқилона файдаланиш, иқтисод қилиш, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ва бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш бўйича керакли йўриқномалар билан таништирди.
Шунингдек, насос агрегатларини ишлатишда ва таъмирлашда бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тавсиялар берилди.

Қурбон ҳайит байрами муносабати ишчи-ходимларимизга ўзимизда етиштирилган маҳсулотлардан тарқатилмоқда, – дейди Бошқарманинг “Тахтакўпир-Қораўзак” бўлими бошлиғи Икрам Акимов. Насос станциялари атрофларида етиштирилган мевалар, картошка, пиёз, сабзавот бепул тарқатилмоқда. Шунингдек, ҳудудларда боқилаётган чорва ҳамда паррандалар ҳисобидан гўшт маҳсулотлари ҳам тарқатилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати