Нукус туманидаги “Кердер” каналига ўрнатилган гидроиншоотда жорий йилнинг 30 августида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, каналлар ва гиротехник иншоотларнинг хавфсизлиги, техник ҳолати, хавфсизлик декларацияси бўйича ўрганиш ва камчиликларни бартараф этишга бағишланган семинар ўтказилди.

“Сувхўжаликназорати” инспекцияси Қорақолпоғистон Республикаси бошқармаси, Нукус тумани ирригация бўлими масъул ходимлари иштирок қилган тадбирда юқорида келтирилган Қонуннинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди.

Таъкидланганидек, “Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунига кўра, гидротехника иншоотлари I, II, III ва IV синфларга бўлинади. Ушбу бўлиниш гидротехника иншоотларининг лойиҳа кўрсаткичлари параметрларига, уларга юкламалар ҳамда таъсир кўрсатиш омилларига, қурилишда ишлатиладиган материалларга ва фойдаланиш шароитларига қараб амалга оширилади. Ушбу соҳада махсус ваколатли давлат органи – Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси. Бошқа ваколатлар билан бирга у дарёларнинг, сойларнинг ўзанларида, гидротехника иншоотларига туташ бўлган юқори ва қуйи ҳудудларда сув хўжалиги объектларидан фойдаланишни амалга оширувчи ёхуд хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларнинг хўжалик фаолиятини ёхуд бошқа фаолиятини, агар бу фаолият гидротехника иншоотларининг хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатса, тақиқлайди, тўхтатиб туради ёки чеклайди.

Семинарда “Сувхўжаликназорати” инспекцияси Қорақолпоғистон Республикаси бўлими инспектори И.Асаматдинов томнидан Нукус тумани ирригация бўлимига қарашли “Кердер” каналининг хавфсизлик декларациясининг вақти тугаганлиги бўйича маълумот берилди ҳамда фавқулотда ҳолатларда авария захира материаллари мавжуд бўлиши керакли тушинтирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати