Тахиатош тумани: Қурилиши белгиланган “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилмаган

___ Тахиатош туманида ирригация объектларида сув сарфини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи “Ақлли сув” қурилмаларини ўрнатиш масаласи муҳокама этилди.

___ Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари, туман ирригация бўлими раҳбари ва ходимлари иштирок қилди. Кўргазмали семинар иштирокчилари тадбир доирасида тумандаги “Кенегес” каналига ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмасини бориб кўрди.

___ Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорининг 2-иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида 2023 йилда ирригация объектларида сув сарфини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи жами 733 та “Ақлли сув” қурилмаларини, шундан Тахиатош туманида 7 та қурилма ўрнатиш белгиланган. Ўтган йилларда тумандаги энг муҳим ирригация тармоқларига 6 та “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилган.

___ Лекин, жорий йил қурилиши мўлжалланган қурилмаларнинг шу вақтгача биронтаси ўрнатилмагани семинарда танқид қилинди. Бугунги кунда қурувчи корхона билан биржа савдолари орқали пудрат шартномалари расмийлаштирилган бўлишига қарамасдан шу кунга қадар ўрнатиш ишлари олиб борилмаган.

         Тахиатош туманида ўтган йилларда ўрнатилган қурилмаларнинг 2 донаси бугунги кунда ишчи ҳолатда эмаслиги ва бу камчиликларни бартараф қилиш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, Тахиатош туманида жорий қилиниши режалаштирилган 7 дона “Ақлли сув” қурилмаларини бир ҳафта муддатда ўрнатиш ишларини бошлаш бўйича туман иррригация раҳбари ва масъул ходимларга топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати