Америка Қўшма Штатлари халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Сув ресурслари ва атроф-муҳит” минтақавий лойиҳаси доирасида 2023 йил давомида ҳудудлардаги сув хўжалиги ташкилотларида ишловчи гидрометр-мутахассислари учун ўқув курслари ташкил этилмоқда.
Бугун, яъни 16 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида тизим ташкилотларининг гидрометрия мутахассислари учун малака ошириш ўқув курслари бошланди.
Ўқув курслари бошланиши олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов ҳамда лойиҳанинг Ўзбекистондаги координатори И.Назаровлар лойиҳа доирасида ташкил қилинаётган ўқув курсларининг аҳамият, гидрометрларнинг мазкур ўқув курсларида олган билимларининг амалиётда кутиладиган самараси ҳақида тўхталиб ўтдилар.

-Ўтказилаётган ўқув курслари мутахассисларнинг ҳақиқатан малакаларини оширишга хизмат қилиши ва келгусида амалиётда ўз натижасини беришлари лозим, -дейди лойиҳанинг Ўзбекистондаги координатори И.Назаровлар. – Ушбу ўқув курсида Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги тизим ташкилотларидан 20 нафар гидрометр мутахассислар иштирок қилмоқда. Ўқув дастурини шакллантиришда энг долзарб мавзулар қамраб олинган. Шу билан бирга гидрометрларга тажрибали тренерлар дарс ўтиши ҳамда амалий машғулотлар олиб бориши назарда тутилган. Ўқув курсларининг дастлабкиси “Сув ресурсларини уйғунлашган бошқариш нима учун керак?” мавзусида олиб борилади.

Мазкур ўқув курсларини ўтказиш бўйича тасдиқланган графикка кўра, Қорақалпоғистондаги гидрометрларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари 16-20 октябрь кунлари ўтказилиши назарда тутилган.
Ўқув курслари якунида олган билимларини амалиётда синаш учун каналлларда амалий машғулотлар ўтказиш назарда тутилган. Малака ошириш курслари натижасига кўра, фаол гидрометрларга гидропостларни аттестациядан ўтказиш ҳуқуқини берувчи тегишли намунадаги сертификат берилади.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби