Нукус шаҳри: КАНАЛ БЎЙИ ДАМ ОЛИШ МАСКАНИГА АЙЛАНАДИ

     Бугун Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режа графикда белгиланган вазифалар доирасида сув хўжалиги объектларида қурилиш ва реконструкция ишларини муҳокама этиш ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб олиш юзасидан Нукус шаҳридан ўтувчи “Дўстлик” каналини реконструкция қилиш (3-босқич) ишлари ўрганилди.

     Ҳукуматимизнинг тегишли қарор ва дастурлари асосида Нукус шаҳридан ўтувчи “Дўстлик” каналини реконструкция қилиш (3-босқич) ишлари амалга оширилмоқда.

     Ўрганиш давомида маълумот берилишича, Нукус шаҳридан оқиб ўтувчи “Дўстлик” каналининг жами 4,0 километр қисмида реконструкция қилиш (3-босқич) ишлари белгиланиб, шундан 2018-2023 йиллар давомида 2,6 километр қисмида реконструкция ишлари олиб борилган. Объект йилдан-йилга ўтувчи ҳисобланади. 2024 йилда 1,4 километр қисмида реконструкция (бетонлаш) ишлари белгиланиб, бугунги кунда 1,399 километр қисмида тупроқ ишлари ва 1,185 километр қисмида бетонлаш ишлари бажарилди.

     Объектда жами 28 дона махсус техникалар ҳамда 30 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.

     “Дўстлик” каналида реконструкция ишлари амалга оширилган тақдирда, ушбу каналнинг фойдали иш коэффиценти  0,90 гаетказилиб, сув ўтказиш қобилияти секундига ўртача 320-350 метр кубга етказилиши натижасида сув олувчи туманларнинг экин ер майдонлари кафолатли сув билан таъминланади.

     Шунингдек, ҳудудлардаги ер ости сизот сувларининг сатхи пасайиб, аҳолининг томорқа майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланади. Эътиборлиси, канални реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш натижасида Нукус шаҳрида сув туризмини ривожлантириш, сув спорти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароит яратиш ва канал бўйини дам олиш масканига айлантириш кўзда тутилган.

     Тадбир давомида «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси масъуллари томонидан пудратчи ташкилот “Кегейлимахсуссувпудрат” МЧЖ маъсули ва ишчи ходимларига тегишли топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати