___Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 апрелдаги 196-сон қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг туман ирригация бўлимлари таркибида 16 та махсус хизмат бўлимлари ташкил этилди.

___Айни кунларда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамда Қорақалпоғистон минтақавий маркази илмий ходимлари томонидан туман ирригация бўлимлари таркибида ташкил этилган “Сув хўжалигининг махсус хизмати”га ишга қабул қилинган ходимлар учун ўқув-амалий семинарлар ташкил этилмоқда.
___Ўтказилган семинарларда “Сув хўжалигининг махсус хизмати” фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, ходимлар малакасини ошириш, ўзларига бириктирилган ҳудудларида сувни бошқариш, ҳисобини юритиш ва тақсимлаш бўйича бўйича қарор талаблари доирасида иш юритиш тартиблари тушунтирилмоқда.

___ -Белгиланган график асосида барча туманлардаги махсус хизмат ходимларини ўқитиш ва қарорда белгиланган вазифалар бўйича билимларини ошириш назарда тутилган, – дейди Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон минтақавий маркази раҳбари Сагит Қурбанбаев. – Бугун жанубий туманларда, хусусан Амударё ва Беруний туманларида семинарлар ўтказмоқдамиз. Маълумки, жорий этилаётган тизимда сув истеъмолчилари бош сув олиш қулоқларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш зарурлиги назарда тутилган. Шундан келиб чиқиб, ўқув-семинари давомида илмий-тадқиқот институти ходимлари томонидан сув олиш қулоқларига ўрнатилиши лозим бўлган жиҳозларнинг намунавий вариантлари таклиф этилмоқда. Илмий ходимларимиз тавсиялари билан сув истеъмолчилари ариқларига махсус жиҳозлар ўрнатилиб, сувни ўлчаш ва ҳисобини юритиш бўйича махсус хизмат ходимларининг билимлари оширилмоқда. Эътиборлиси, мазкур жиҳозлар ўрнатилиши ҳамда сувни ҳисобини юритишга фермерлар томонидан қизиқиш билдирилиб, сув олий ўринларини жиҳозлаш ташаббуслари билан чиқишмоқда. Негаки, мазкур жиҳозлар олинган сув ҳисобини тўғри юритиш ҳамда келгусида сув солиғини тўғри ҳисоблашга ҳам замин яратади.

___Тадбирларда махсус хизматга ишга қабул қилинган ходимларга юклатилган мақсад ва вазифалар, фермер хўжаликлари ва кластерлар билан сувни “олди”, “берди” журналларини юритиш, ирригация тизимларида сув ўлчаш иншоотлари жиҳозлари мавжудлиги каби тартиблар ҳақида маълумотлар берилмоқда. Шунингдек, сув истеъмолчиларига ажратилган сув лимити доирасида сувни етказиб бериш ва кўрсатилган сув хўжалиги хизматларидан қандай маблағ тушириш, белгиланган тартибда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш масалалари ҳам ўргатилди.
___Маълумот учун: Қарорда сув етказиб бериш ва кўрсатилган бошқа хизматлар учун ҳақ тўлаш тартиби ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Унга кўра сув хўжалигининг махсус хизмати билан сув истеъмолчиси ўртасида белгиланган тартибда сувнинг кундалик ҳисоб журнали юритилади ҳамда ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 5 санасигача етказиб берилган сувнинг ҳажми ҳамда кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати