ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДАГИ СУВЧИЛАР КУЗГИ ДАРАХТ ЭКИШ ИШЛАРИГА ФАОЛ КИРИШМОҚДАЛАР

      Элликқалъа  туманидаги  “Бўстон – 91” фермер хўжалиги даласида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, дала четларига ишлов бериб ерга-ер қўшиш, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирларини ташкил қилиш юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди.

      Семинарда Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Республика прокуратураси, Элликқалъа, Амударё, Тўрткўл ва Беруний туманларининг ҳоким ўринбосарлари, ирригация бўлими раҳбарлари, қишлоқ ва сув хўжалигига алоқадор ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тумандаги намунали фермер ҳамда томорқачилар иштирок этди.

      Барчамизнинг хабаримиз бор, шу йилнинг 14 октябрь куни Президентимиз Тошкентдаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш давомида Оқтепа маҳалласида жамоатчилик билан бирга кўчат экиб, “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсумига старт берган эдилар.

      Элликқалъада ўтказилган семинар ҳам “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири билан бошланди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев дала четида тайёрланган майдонга узум ва тут дарахти кўчатларини экишда қатнашди. 

      Шунингдек, семинар ўтказилаётган “Бўстон -91” фермер хўжалигининг дала атрофларини  тартибга келтириш натижасида кўчат экиш учун тайёрланган майдонни намуна қилиб кўрсатиб, барча туманларда мана шу каби тадбирларни уюшқоқлик билан ташкил қилиш, ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини кенг жорий қилиш бўйича тавсиялар берилди.

      Семинарда сўз олган Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси И.Юнусов ва бошқалар кейинги йилларда сув миқдори камайиб бораётганини, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ягона йўл бу сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш эканлигини алоҳида таъкидлашди.

   Шу куни  Элликқалъа тумани «Ақчакўл» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Икром Рейимбаев томорқасида август-сентябрь ойларида экилиб парваришланаётган пиёз, саримсоқпиёз, экспортбоп петрушка, кўкпиёз каби  экинларини бориб кўришди. Шунингдек, ҳудуддаги “Янгиер полизи” фермер хўжалиги даласида тўқсонбосди экинларини экиш бўйича  ҳам кўргазмали тадбир ўтказилди ҳамда бу борада амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. 

      Семинарда иштирок қилган сувчилар иккинчи манзилда ҳам дала четларига тут, узум кўчатларини экиш тадбирларида иштирок қилди. Шу тариқа Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги кузги дарахт экиш ишларига Қорақалпоғистондаги сувчилар фаол киришмоқдалар.

Семинар якунида бошқа туманларда ҳам кўчат экиш билан бирга ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини кенг жорий қилиш ишларини ташкил қилиш бўйича вазифалар белгиланди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби