фермер хўжаликлари ҳам жалб қилинмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудлардаги тизим ташкилотларида куз-қишки тадбирлар уюшқоқлик билан давом қилмоқда. Сувчилар шўр ювиш тадбирлари бошлангунга қадар ички ирригация тармоқларини тозалаб, сув олиш қулоқларини зарурат бўлса таъмирлаб тартибга келтириб қўймоқдалар.

– Ирригация тармоқларини тозалаш ишларига ҳудудлардаги фермер хўжаликларини ҳам жалб қилмоқдамиз, – дейди Беруний тумани ирригация бўлими раҳбари Жасур Ешанов. – Мана бугун Мухтаров Муҳаммад ва «Лоло Найман» фермер хўжаликларида ички ариқларни тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, «Бештам» канали қирғоқларида сувчилар томонида тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Президентимиз томонидан шу йил 5 декабрда имзоланган “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг 3-иловасига мувофиқ, 2021–2023 йилларда сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан суғориш тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш белгиланди.
Шунга кўра Беруний туманида 2021 йилда жами 258,7 км суғориш тармоқларини таъмирлаш назарда тутилган. Айни кунларда тумандаги ирригация ва мелиорация объектлари, жиҳозланадиган гидроиншоот ва насос агрегатлари фермерлар кесимида аниқланиб, манзилли дастур ишлаб чиқилмоқда. Буларнинг барчаси юқоридаги қарор ижросини таъминлашга қаратилган амалий тадбирлардир.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби