ВАЗИРНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ АМУДАРЁ ТУМАНИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

    Бугун, яъни 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Т.Бутунбаевнинг Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакиллари учун сайёр қабули ўтказилди.

    Тадбирда Амударё тумани ҳокими С.Хожаметов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан Қорақалпоғистон Республикасига бириктирилган вакил Н.Атакулов, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи К.Сарибаев, Амударё тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Ш. Юсупов иштирок этди.

    Сайёр қабулда 50 дан ортиқ тадбиркорлар, фермер хўжалиги раҳбарлари, томорқа эгалари ва сув хўжалиги тизим ташкилоти ходимлар ииштирок этиб, масъулларга ўзларининг мурожаатлари билан юзландилар.

    Жумладан, сайёр қабул давомида тумандаги “Қиличбой” ОФЙ ҳудудидаги “Зарифбой Тўлғоной”  фермер хўжалиги раҳбари Умида Қурбонбоева 2024 йил ҳосили учун экилган 10 гектар ғалла майдонларини суғориш учун сув ажратилишини сўраб вазирнинг биринчи ўринбосарига мурожаат қилди.

    Ушбу масала юзасидан вазирнинг биринчи ўринбосари фермер хўжалиги раҳбари билан мулоқот қилиб, сув етказиб бериш ишлари  Халқ  депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланган лимит доирасида белгиланган график асосида амалга оширилиши тўғрисида тушунтирди ҳамда Амударё тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Ш.Юсуповга ушбу масалани  “Сувназорат» инспекцияси билан биргаликда жойига чиқиб ўрганиб чиқиш бўйича топшириқ берди.

    Шунингдек, ушбу ҳудуддан “Амирхон” фермер хўжалиги раҳбари Отахон Қурбониязов хўжаликлараро “Шўр ёп” каналининг 48-пикетида жойлашган акведук лойқа билан кўмилиб қолганлиги, ушбу акведукни лойқадан тозалаш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу масала юзасидан Амударё тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Ш.Юсуповга акведукни лойқадан тозалаш учун экскаватор ва ишчи кучи ажратиш бўйича топшириқ берилди.

    Шу билан бирга сайёр қабул давомида фермер хўжалигига давлат хусусий шериклигига берилган насос станцияси орқали ушбу ҳудуддаги аҳоли томорқа ер майдонлари ҳам сув билан таъминланиши, шу сабабли насос станциясига сарфланган электр энергияси харажатларини тўлашда юзага келаётган муаммолар тўғрисида мурожаат қилди. Бу борада мурожаатчига насос станциясини давлат хусусий шериклигига олган фермер хўжалигининг мажбуриятлари тўғрисида тушунтирди ҳамда Амударё тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Ш.Юсуповга ушбу масала бўйича иккита масъул ходим бириктириб график асосида сув етказиб берилиши бўйича аҳолига тушинтириш ишларини олиб бориш топширилди.

    Мазкур сайёр қабул давомида қилинган барча мурожаатлар юзасидан Сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари Т.Бутунбаев атрофлича тушунтиришлар берди. Шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаевга мазкур мурожаатларни алоҳида назоратга олиш  топшрилди ва ҳал қилиш масаласини зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати