___ Вегетация даври бошланиб, сув хўжалигининг қуйи бўғинларида ишлар янада қизғин тус олмоқда. Бу мавсум ҳудудлардаги сувчилар кунига 10-15 километр канал бўйларини оралаб, ўнлаб сув истеъмолчилари билан мулоқот қилиши, лозим бўлса улар ўртасида сув тақсимотини белгилаш ва назорат қилиш ишлари билан машғул бўлиши табиий ҳолдир.

___ Ҳа, суғориш мавсумида сувчиларнинг иши, зиммасидаги вазифалари икки ҳисса ортиши бор гап. Хўш, шунга кўра қуйи бўғиндаги сувчилар рағбат, қўшимча даромад олишадими? Бу саволга ижобий жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ҳар бир Ҳайъат ва видеоселектор йиғилишда топшириқлар берадилар.
___ -Бошқа соҳалар билан солиштирганда сув хўжалиги ходимларининг маоши камроқ. Лекин, имкониятларимиз кўп. Сувимиз, фойдаланадиган еримиз бор, ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиб, қўшимча даромад олиш имкониятлари етарли. Ёшларни қўллаб-қувватласак, савобли касбимиз сирларини ўргатсак ва ҳалол ризқ инсонга ҳаловат олиб келишини тушунтирсак, улар асло кам бўлмайди, -деган эди йиғилишларнинг бирида Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев.
___ Биз, Қорақалпоғистон Республикасидаги сув хўжалиги ташкилотларида сувчиларни қўшимча рағбатлантириш, айниқса ёшларга қўшимча даромад олиш учун ер ажратиш, ёрдамчи хўжаликлар ташкил қилиш масаласини ўрганиш мақсадида айрим раҳбарлар билан гаплашдик.
___ -Ташкилотимиз учун ёрдамчи хўжаликни ташкил қилиш учун ер ажратиб олиш ҳаракатидамиз, – дейди биз билан мулоқотда Нукус тумани ирригация бўлими раҳбари И.Тилепбаев. – Тўғриси, ҳозирги кунда сув хўжалиги объектлари атрофидаги ҳимоя зоналарида ҳам деҳқончилик билан шуғулланиб қўшимча даромад олаётган сувчи ёшлармиз йўқ. Берилган топшириқлар асосида сувчиларимизга ер ажратиш ва қўшимча даромад топишлари учун қулай шароитлар яратиш чораларини кўрамиз.
___ Ушбу мулоқотдан аёнки, айрим тизим ташкилотларида ёрдамчи хўжаликлар фақат номигагина ташкил қилинган, ёки айримларида умуман йўқ.
___ Излаган имкон қидиради, изламаган баҳона топади, – деганларидек, сувчиларни қўшимча рағбатлантириш борасида изланиб имкон топаётган тизим ташкилотлари ҳам бор. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Қуўаниш жарма» ирригация тизими бошқармаси ҳам ходимларни ойлик маошларига қўшимча рағбатлантиришни канда қилмайдиган жамоалардан.

___ Бугунги кунда юздан ортиқ сувчи ходимлари бўлган Бошқармага кўп йиллик тажрибага эга сувчи, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби Хамид оға Реймов раҳбарлик қилиб келади. Жамоада 15 нафар ёшлар бўлиб, улар иш жараёнида тажрибали сувчилардан иш ўрганиб маҳоратини ошириб келмоқдалар.

___ -Ҳимоя зоналаридан ажратилган экин майдонларидан унумли фойдаланиб қўшимча даромад топаяпмиз, – дейди Бошқармага қарашли “Мархаўзак” сув тақсимлаш иншоотининг гидротехниги Азат Турдиханов. – Эрта баҳорда ўзимга ажратилган 60 сотих майдонга картошка, пиёз, қалампир ва бошқа сабзовот-полиз экинлари уруғларини қадаган эдик. Ҳозирда картошка ва пиёз ҳосил тўплаш жараёнида. Яқинда дастлабки ҳосилни олиб сувчилар уйида иссиқ овқат қилишга ва рўзғоримизга ишлатишни бошлаймиз. Дарвоқе, биз ишлайдиган “Мархаўзак” сув тақсимлаш иншооти туман марказига 50 километр узоқликда жойлашган. Қатнаб ишлаш имконсиз. Шу боис ҳар мазгилда сувчилар уйида қазон қайнаши зарур бўлади. Бунда бутун ёз ва куз ойларида ўзимиз етиштирган сабзавотларлардан фойдаланиш айни муддо бўлади. Қолаверса, сменадошларимиз билан ёрдамчи хўжаликдаги 12 бош эчки ва 20 та товуқларни парваришламоқдамиз. Албатта, бу ишларни ташкил қилиш байрамларда ҳамда ҳар ойлик маошга қўшимча сувчи ходимларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

___ «Қуўаниш жарма» ирригация тизими бошқармасининг маъмурий биноси олдидаги 1 гектар майдонга ҳам турли хил сабзавот-полиз экинлари экилган. Шунингдек, шу ерда 200 тупга яқин мевали дархт кўчатлари экилиб, боғ барпо этилган. Ушбу ҳудуд атрофидаги фойдаланилмай турган кичик бинода қуён ва парранда боқиш йўлга қўйилди. Яқинда ҳовуз ташкил қилиниб, интенсив усулида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш ва ходимларни қўшимча рағбатлантириш борасидаги ишларни янада кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби