Амударё туманидаги Амат Тўраев номидаги фермер хўжалиги даласида “Насосларнинг энергия тежамкорлигини, электр энергия таъминотида муқобил энергия улушини ошириш” бўйича амалий семинар ҳамда тадбир доирасида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ, туман фермер хўжаликлар кенгаши, энергия тежамкор насос агрегатлари ва қуёш панелларини ўрнатиши белгилаб олинган ҳамда ўрнатиш бўйича ўз хохишини билдирган кластер корхоналари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ОАВ вакиллари иштирок қилди.

Семинарда Амударё тумани ҳокими С.Хожаметов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов сўзга чиқиб, фермер хўжаликлари ҳисобидаги насосларнинг эектр энергияси эҳтиёжи учун қуёш панеллари ўрнатиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, Президентимиз раислигида 2024 йил 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда 2025 йил – сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили”, деб белгиланган. Юқорида келтирилган йиғилишнинг 48-сонли баённома топшириғида ҳар йили 1000 та фермер хўжалигини янги тизимга ўтказиш, бунда фермер хўжаликларига тегишли насосларнинг энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил энергия улушини ошириш ҳамда насос орқали суғориладиган ер майдонларини лазерли текислаш каби вазифалар белгиланганлиги таъкидланиб, амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилди.

-Фермер хўжаликлари ҳисобидаги насослар эҳтиёжи учун қуёш панеллари ўрнатишга имтиёзли кредитлар ажратиш назарда тутилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлининг шўба бошлиғи Э.Давлетияров. – Бу борада белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида эскирган давлат ва ички насосларни энергия тежамкорларига алмаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган режага кўра, 2025 йил кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан 975 та эскирган насослар ўрнига “SHIMGE” ва бошқа русумдаги энергия тежамкор насос агрегатларига алмаштириш ҳамда 31 та қуёш фотоэлектр панелларини ўрнатиш белгиланган.

Бугунги кунда 583 дона энергия тежамкор насослари ўрнатилди. Жумладан, Амударё туманида 91 та эски насос агрегатларини энергия тежамкорларига алмаштирилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2025 йил 7 февралдаги 107-сонли қарорига асосан 1,5 млрд. сўм ажратилган маблағлар ҳисобидан 5 дона эскирган насос агрегати ўрнига 10 дона “SHIMGE” насос агрегатлари ўрнатилди. Мазкур қарор асосида Кегейли, Қонликўл, Қораўзак, Элликқалъа ва Нукус туманларда 5 дона фотоэлектрик станцияси (қуёш панели) қурилди.


Семинарда туман ҳокимлари ҳамда “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директорларининг семинар кун тартибидаги масалалари юзасидан ахборотлари ҳам эшитилди. Шунингдек, насос агрегатларига тежамкор усулларни жорий этган фермерлар самарадорлиги ҳақида маълумотлар беришди.

Ўтказилган кўргазмали семинарда насос агрегатлари учун сарфланадиган электр энергиясини муқобил усулларни қўллаган ҳолда қоплаш масаласи кенг муҳокама этилиб, бажариладиган ишлар келишиб олинди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари учун дала шароитида матбуот анжумани ташкил этилиб, соҳа масъуллари сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан маълумотлар беришди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати