
___Жорий йилнинг 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасига келди. Ишчи гуруҳ сув хўжалиги тизимидаги ишларни янада такомиллаштириш, шу жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишларида ҳудуддаги мутахассисларга амалий ёрдам бериш мақсадида ташриф буюрган.
___Оролбўйида кузатилаётган сув танқислигини юмшатиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Бу борада қишлоқ хўжалигида мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларни кенгроқ жорий этиш кам сув билан кўпроқ ҳосил олишнинг ягона йўли бўлмоқда. Ишчи гуруҳ вакиллари туманларда ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш ишлари билан танишмоқдалар.
___Тахиатош туманида 2022 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларининг 200 гектарига ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш белгиланган.
___– Кластер ва фермер хўжаликлари билан қурувчи ташкилотлар ўртасида пудрат шартномалари расмийлаштирилди, – дейди туман ирригация бўлими бошлиғи Адил Назаров. – Ҳудудимиздаги ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ишлари “NAVOIY ISHONCH GILAMLARI” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда.
___Бугунги кунда туманнинг “Ҳамза” массивидаги 4 та фермер хўжалигининг 115 гектар майдони учун тегишли тижорат банки томонидан 2 млрд. 125 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Ҳозирда 66,21 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини қуриш-монтаж ишлари амалга оширилди. Мана бугун республикадан келган ишчи гуруҳ вакиллари билан бу борадаги ишларимизни изчил давом эттириш бўйича вазифаларни белгилаб олдик.
___Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикасида ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологиялари илк бор ўтган куз фаслидан бошлаб кенг миқёсда ўрнатила бошланди. 2022 йил жами 22 минг 500 гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш режалаштирилган. Шундан 17500 гектар майдонда томчилатиб суғориш, 5000 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилиш белгиланиб, бу борадаги тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби