Беруний туманидаги “Саркопли Баходир” фермер хўжалиги даласида “Сув ресурсларидан самарали фойдаланишда сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш ҳамда талабгор фермерлар сонини янада ошириш” масалаларини муҳокама этишга бағишланган семинар ўтказилди.

Тумандаги фермер хўжалик раҳбарлари, сув хўжалиги ходимлари иштирок қилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлигининг СТТ бўйича мутахассиси Н.Худойбердиев, Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлигининг СТТ бўйича мутахассиси А.Қидирбаевлар сўзга чиқиб, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш борасидаги вазифалар ҳамда яратилаётган имкониятлар ҳақида сув имстеъмолчиларига батафсил маълумотлар беришди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январда қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорининг мазмун моҳияти ҳам кенг тушунтирилди.

Таъкидланганидек, ушбу қарорга мувофиқ онлайн кредит ажратиш имконини берувчи “Suvkredit.uz” электрон тизими ишлаб чиқилган. Ушбу тизим шаффофлиги яъни, барча босқичларда онлайн кузатиб борилиши ва сув истеъмолчиларига “Agro-subsidiya” ЯАТ ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.
-Тегишли қарорда белгиланган кўрсатгичлар ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда 250 гектарга ёмғирлатиб, 550 гектарга томчилатиб жами 800 гектар майдонга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш белгиланган, – дейди Беруний тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Ж.Ешанов. Бугунги кунгача Suvkredit.uz платформаси орқали 25 та ариза жўнатилган бўлса, шундан 3 тасига салбий, қолган 22 тасига ижобий хулоса олинди.
Шунингдек, келиб тушган аризаларнинг 8 тасига (126 гектар) ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун жами 1 миллиард 575 миллиондан ортиқ, қолган 11 тасига (162 гектар) томчилатиб суғориш технологияси учун эса 2 миллард 26 миллиондан ортиқ яъни, ушбу технологиялар қурилиш ишлари учун 50 фоиз кредит маблағлари чиқарилди. Қолган 50 фоиз маблағлар технология тўлиқ жорий қилингандан сўнг таъминотчи ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Ҳозирги кунда ҳам ушбу технологиялар жорий қилиниши учун ариза топшириш ишлари бўлиб ўтмоқда.

Шу куни Беруний тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси жамоаси томонидан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари ҳам амалга оширилди. Семинар иштирокчилари ушбу жамоанинг кейинги йил кўчат захираси учун қаламчалар экилган майдонини ҳам бориб кўрди.
Маълумот берилишича Беруний тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ жамоаси томонидан “Яшил макон” тадбири доирасида 450 туп тут, 350 туп ток, 2140 туп терак, 4560 туп ҳар хил турдаги кўчатларни канал бўйларига ва алоҳида белгиланган майдонларга экилган.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати