Қўнғирот тумани: Сув тежовчи технологияларни жорий этиш — замон талаби

     Қўнғирот туманидаги «Қоныратлы Мухаммет» фермер хўжалиги даласида сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

     Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Д.Кайпов, Қўнғирот тумани ҳокими Бекзод Мадаминов, туман сектор раҳбарлари, сув хўжалиги масъуллари соҳага дахлдор ташкилотлар ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этди.

     Тадбирда сўз олганлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда, хусусан суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий этиш -замон талаби эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, мутахассислар замонавий илғор технологияларни жорий этиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида ҳам батафсил тушунчалар берди.

     Семинар иштирокчиларига давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, хусусан Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги тегишли қарори билан Оролбўйи ҳудудларида сув тежовчи технологияни жорий этишда ажратилган субсидиялар ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш «suvkredit.uz» электрон тизими ишга туширилганлиги, кредит расмийлаштириш жараёнининг шаффофлиги, яъни барча босқичларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилганлиги ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

     Шунингдек, қатнашганлар кредитлар асосида жорий қилинадиган сувни тежайдиган суғориш технологиялари фақат ишчи лойиҳалар асосида қурилиши, пудрат ташкилотлари томонидан ҳар бир лойиҳа бўйича камида 2 йиллик кафолат муддати берилиши ҳамда 5 йил давомида сервис кўрсатилиши, кредит олувчилар томонидан пудрат ташкилотларининг фаолиятини баҳолаб бориш тизими юритилиши юзасидан хабардор қилинди. Семинар иштирокчилари фермер хўжалиги дала шипонида ташкил этилган иссиқхона ва паррандачилик хўжалиги фаолияти билан ҳам танишдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати