Зарбдор – 40 кунлик

ХЎЖАЙЛИЛИК СУВЧИЛАР 400 ТУП ТУТ КЎЧАТЛАРИНИ ЭКМОҚЧИ

___Яқинда Сув хўжалиги вазирлигида видеоконференция шаклида ўтказилган Ҳайъат йиғилишида “Ободонлаштириш бўйича зарбдор 40 кунлик” эълон қилиш, мазкур тадбир доирасида Наврўз миллий байрамигача насос станциялари, канал ва коллектор бўйларидан тортиб, барча сув иншоотлари атрофларини ободонлаштириш ташаббуси илгари сурилди. Шунингдек, бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллиги кенг нишонланиши ва ушбу улуғ санага ҳозирданоқ тайёргарликка киришган сувчилар 30 тупдан кўчат экиш, сув иншоотларининг муҳофаза ҳудудларидаги ерлардан унумли фойдаланиш бўйича амалий таклифлар барчага маъқул келди.

___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тизим ташкилотларида “Ободонлаштириш бўйича зарбдор 40 кунлик” тадбирлари доирасида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. Биз, бу борада амалга оширилаётган ишлар ва сусткашликка йўл қўяётган тизим ташкилотларини мунтазам ёритиб боришни режалаштирдик. Бугун Хўжайли тумани ирригация бўлими ишлари билан танишдик.

___Даставвал, туман ирригация бўлимининг маъмурий биносига бордик. Бинода таъмирлаш ишлари олиб борилаётган экан. Ишчилар бино атрофидаги дарахтларга ишлов бериб, атрофни ободонлаштиришмоқда.

___– Бинони таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш бўйича лойиҳаси тайёр бўлди, дейди туман ирригатция бўлими А.Низаматдинов. Унга кўра маъмурий бинонинг олд қисмига замонавий пешлавҳа қилинади ва атрофии кўкаламзорлаштирилади. Ободонлаштириш тадбири доирасида арча дарахт кўчатларини экишни режалаштирдик. Шунингдек, кўчатлар ораларига табиий  чим (газон) экиб ёмғирлатиб суғориш ускуналарини ўрнатмоқчимиз.

___Биз, «Ширин жап» каналининг қазиш ишлари билан ҳам танишдик. Ушбу каналнинг 800 метр қисми аҳолининг томорқа майдонлари ва хонадонлар жойлашган ҳудуддан ўтган. Суриштирсак анча йилдан буён қизилмаган. Хонадонлар ўзлари ҳудудини қуршаб олган яна қайси бирлари қўшимча қурилмалар қурган, ёввойи дархтлар ўсиб кетган…

___А.Низаматдинов ҳамроҳлигида мазкур ҳудуд аҳолиси билан  учрашиб, янги қазилган канал атрофини ободонлаштириш,  манзарали дарахт кўчатлари экиш бўйича ҳам тавсиялар берилди.

___Шунингдек, «Шангшар яп» каналидаги гидротехник иншоотлар атрофида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишдик.

___Хўжайлилик сувчилар «Зарбдор – 40 кунлик» тадбири доирасида 400 туп тут кўчатларини экишни режалаштирмоқдалар. Шу билан бирга 500 туп манзарали кўчатларни экиш учун тумандаги суғориш тармоқларининг қирғоқ бўйлари белгиланиб, тайёргарлик кўрилмоқда. Сув иншоотлари ҳимоя ҳудудларидаги майдонларга сабзавот-полиз  ва шу каби экин турларини экиш назарда тутилган.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

 Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби