НАВРЎЗ БАЙРАМИДА ФАХРИЙ СУВЧИЛАР ҲАМ ИШТИРОК ҚИЛДИ

____Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Нукус шаҳрида ҳам Наврўз умумхалқ байрами «Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.  

___Нукус шаҳрида ўтказилаётган байрам тадбирларида халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган кўргазмалар ва саҳна кўринишлари иштирокчиларга намойиш этилмоқда. Қорақалпоғистонлик сувчилар жамоаси Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази» биноси олдидаги байрам тадбирига пухта тайёргарлик кўрдилар. 

___Байрам тантаналарида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов ва Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев  иштирок қилди.

___Байрам тадбирлари доирасида санъат-усталари томонидан ташкил этилган театрлаштирилган концерт  дастурлари, дарбоз ўйинлар ва бошқа саҳна томошалари барча иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.

___Байрам тадбири бўлиб ўтадиган ўринда қорақалпоқ миллий «Қора ўйи» қурилиб, безатилди. Наврўз байрамида пишириладиган миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди. Тадбирда сув хўжалиги тизим ташкилотида меҳнат қилаётган аёл-қизлар миллий кийимларда ўзлари пиширган Наврўз таомлари билан кўргазмада иштирок қилди.

___-Наврўз нафақат инсониятни балки, табиатнинг ҳам байрамидир, – дейди меҳнат фахрийси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ирригатор Мамбетмурат Камалов. –  Негаки, айнан шу байрам арафасида замин узра кўклам нафаси таралиб, Она табиат уйғонади, бободеҳқонларимиз ерга барака уруғини қадайди. Шарқона янги йил номини олган янгиланиш айёми бўлган Наврўзни бутун борлиқ орзиқиб кутади ва кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан нишонлайди.

___Табобат илми султони  Абу Али ибн Синонинг ёзишича, Наврўз пайтида инсон танасидаги қон меъёрида айланиб, чеҳраси ёришаркан. Наврўз таомларини танаввул қилган инсон тетик ва соғлом бўлиб юраркан.

___Мана бугун биз қорақалпоқ миллий «Қора уй»ларида ёзилган дастурхонда Наврўз таомларидан тановвул қилдик. Байрам концертини томоша қилдик, собиқ ҳамкасблар, дўстлар ва шогрдларимиз билан дийдорлашдик. Бунинг учун тадбир ташкилотчиларига нуронийлар номидан миннатдорлик билдираман. Халқимизга Наврўз байрами муборак бўлсин.

Байрам тантаналарида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири в.в.б. Б.Жузбаев иштирок қилди ва халқимизни ва барча сув хўжалиги ходимларини Наврўз байрам билан табриклади.

___Нукус шаҳридаги байрам шодёналари давом этмоқда. Байрам тадбирлари асосан учта манзилда, яъни И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, «Ёшлар маркази», «Истиқлол» болалар дам олиш марказларининг ҳиёбонларида  бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, сув хўжалиги тизим ташкилотларида ҳам байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби.