ХАЛҚАРО ИРРИГАЦИЯ ВА ДРЕНАЖ КОМИССИЯСИ ПРЕЗИДЕНТИ НУКУСГА КЕЛДИ

     Олдин хабар берилганидек, шу йилнинг 17 март куни Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси (ХИДК) президенти Марко Арчери Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Шу куни нуфузли меҳмон Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев билан учрашувида Ўзбекистонга илк ташрифи бўлишига қарамасдан катта режалар ва янги ғоялар билан келганлигини, ташрифи доирасида Қорақалпоғистонга ҳам боришни режалаштиргани ҳақида ахборот берилган эди.

     Бугун, яъни 20 март куни Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси (ХИДК) президенти Марко Арчери раҳбарлигидаги делегация Нукус шаҳрига келди.

     Меҳмонларни Нукус халқаро аэропортида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигидан бириктирилган вакил Қ.Муратов, Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали директори А. Мамбеткаримовлар кутиб олишди.  

     Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси президенти Марко Арчери раҳбарлигидаги ташриф буюрган меҳмонлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев қабулида бўлишди.  Р.Сапарбаев меҳмонларни юртимизга айни Наврўз айёми арафасида ташриф буюрганини такидлаб, байрам билан табриклади ва ва Қорақалпоғистонда ирригация ва мелиорация соҳасини ривожлантириш лойиҳалари устада ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида меҳмонлар ҳам самимий кутиб олганликлари учун республика раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

   Меҳмонлар қишлоқ ва сув хўжалиги масъуллари билан учрашиб, амалга оширадиган тадбирлар ҳақида қисқача суҳбатлашдилар. Учрашув аввалида Марко Арчери меҳмонханада кўзи тушган “Қора уй” (ўтов) макетига қизиқиш билдиргани учун унга қорақалпоқ халқининг урф-одатлари, шу жумладан, суғориш тизимлари ҳақида ҳам қисқача маълумот берилди.

 

Делегация вакиллари иштирокида “Шўрланган ҳудудларда тупроқ ва сув русурсларини бошқариш” мавзусида семинар ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни моҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги «Оролбўйи халқаро инновация маркази», Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон минтақавий маркази масъуллари ҳамда  Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг ёш тадқиқотчиларилари иштирок қилди. 

Семинарда “Ўсимликларга шўрхоклик қандай таъсир қилади?”, “Шўрланган ҳудудларда суғоришни бошқаришда тупроқнинг қайси уч даражасига эътибор бериш керак?”, “Тупроқнинг тўйинганлиги нима?”, “Шўрланганлик бирликлари қандай ўзгартирилади?” каби мавзуларда тақдимотлар қилинди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига мавзуга оид тарқатма материаллар ҳам берилди.

     Семинарда Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси (ХИДК) президенти Марко Арчери, Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси GEF агентлиги раҳбари Вадим Соколов, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Бошқарма бошлиғи  А.Унгаловлар ҳам мавзу юзасидан ўз фикларини билдириб ўтишди.

     Тадбир якунида маҳаллий мутахассислар ва тадбир иштирокчиларининг таклифларидан келиб чиқиб, қорақалпоғистонлик фермерлар учун шўрланган ҳудудларда тупроқ ва сув русурсларини бошқариш бўйича ўқув қўлланмаси яратиш ва фермерларга тарқатиб беришга келишиб олинди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби